Сурхондарёда сенатор билан очиқ мулоқотлар бошланди
Термиз шаҳридаги “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Сурхондарё вилояти бўлинмасида Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказди.
Шунингдек, Олий Мажлис Сенати йигирма саккизинчи ялпи мажлисида кўрилган масалалар юзасидан атрофлича маълумот берди.
Олий Мажлис Сенатига вилоятдан сайланган сенаторлар, маҳаллий кенгашлар депутатлари, сиёсий партияларнинг раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирни видеоконференц алоқа шаклида Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, котибияти мудирлари, мутахассислари, сиёсий партияларнинг туман, шаҳар кенгашлари раислари кузатиб борди.
Унда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О. Иминов конституциявий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари, ташкилий-амалий тадбирлар, таклифларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёнлари, Конституциявий қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва умумхалқ муҳокамасига қўйилиши ҳақида атрофлича сўз юритди.
– Янги конституциявий-ҳуқуқий макон яратиш заруратининг юзага келгани жамиятимизда содир бўлаётган янгиланишларга бевосита боғлиқ жараён, – деди Одилжон Иминов. – Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби муҳим вазифалар ўрин олган.
Ҳаётимизда юз бераётган ўзгаришларга мос амалдаги Конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш халқимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, иқтисодиёт тармоқлари, суд-ҳуқуқ, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги янгиланишларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Халқимиз муаллифлигида ишлаб чиқилган лойиҳада Асосий қонунимизга 200 дан ортиқ ўзгартиш киритиш назарда тутилмоқда. 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилиши кутилмоқда.
Қизиқарли мулоҳазаларга бой бўлган мулоқотда Бош қомусимизга инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, маҳалла институти, оила, меҳнат муносабатлари, суд-ҳуқуқ соҳаси, тадбиркорлик ва ерга оид масалалар, таълим, тиббиёт, экология ва бошқа кўплаб йўналишларда таклиф этилаётган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар хусусида фикр юритилди. Таклиф ва тавсиялар билдирилди.
– Қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасида Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари фаол қатнашмоқда, – дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири Сайдулла Абдураимов. – Улар маҳаллаларда бўлиб, сайловчилар билан учрашмоқда. Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва келгуси ҳаётимизда тутадиган ўрнини тушунтирмоқда. Фаол фуқаролар билдираётган таклифлар Конституциявий комиссияга тақдим этиб борилмоқда. Мазкур тадбир уларни муҳим сиёсий жараёнда янада фаол қатнашишга ундагани билан аҳамиятли бўлди.
Тадбирда Одилжон Иминов Олий Мажлис Сенати йигирма саккизинчи ялпи мажлисида кўрилган масалаларга ҳам эътибор қаратди. Ялпи мажлисда 13 та масала муҳокама этилди. Тўртта қонун маъқулланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил якунлари ҳамда 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди. Қатор масалалар юзасидан юборилган парламент сўровлари натижаси кўриб чиқилди.
Давра суҳбатида “Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида”ги, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Солиқ ва божхона қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳақида маълумот берилди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов ҳафта давомида вилоятда аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларга Олий Мажлис Сенати йигирма саккизинчи ялпи мажлисида кўрилган масалалар мазмун-моҳиятини кенг тушунтиради. Умумхалқ муҳокамасига қўйилган конституциявий қонун лойиҳаси ҳақида фикр алмашиб, одамларнинг таклиф ва мулоҳазаларини тинглайди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz