“Ташаббусли бюджет”: тоза ичимлик сув муаммоси ҳал этилмоқда
Гапни узоқдан бошламайлик, яқин йилларда ҳам борига шукр, йўғига қаноат қилиб яшадик. Тўсиқларга ўралашиб, жамиятдаги оддий муаммоларни ҳал этиш ушалмас орзудек бўлиб туюлган йилларни бошдан ўтказдик.
Маҳаллада болалар спорт майдончаси қуриш, мактабни жиҳозлаш ёки ички кўчаларни таъмирлаш, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш каби масалалар ечимини ўртага ташлагач, мутасаддиларнинг бу ишни давлат дастурига киритишини орзиқиб кутишга мажбур бўлдик.
Эндиликда мамлакатимиз биз кутмаган янгиланишларга юз тутиб, жамиятимиз ўзгармоқда. Улар бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхшироқ яшашга интилмоқда. Болалар спорт майдончаси қуриш ёки маҳалладаги мактабни жиҳозлаш учун ҳам кўчани таъмирлаш, ичимлик сув таъминотини яхшилаш ёки бошқа тадбирлар учун ҳам овора бўлиб, турли идораларга бош суқиб юришга эҳтиёж қолмади. “Очиқ бюджет”, “Опенбюджет.уз” электрон сайти орқали таклиф ва мулоҳазаларни бериш, лойиҳада энг кўп овоз тўплаб, масалани ҳал этиш учун етарли маблағга эга бўлиш мумкин.
Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юртдошларимиз учун ана шундай беқиёс имконият бериб, уларнинг маҳаллий бюджет маблағлари тақсимланишида фаол иштирок этишига қулай муҳит яратди. Содда қилиб айтганда, жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган “Ташаббусли бюджет” жараёни бюджет маблағларини ҳудудлардаги энг муҳим, деб топилган лойиҳаларга йўналтириб, одамлар дуч келаётган муаммоларнинг ечимини топишга, олис ва чекка ҳудудларда яшаётган аҳолининг ҳам ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
“Сурхондарё сув таъминот” масъулияти чекланган жамиятидан олинган маълумотларга кўра, ўтган йили воҳада бешта маҳалла бу имкониятдан фойдаланиб, ҳудуднинг тоза ичимлик сув муаммосини ҳал этган бўлса, жорий йил ўтган даврида ўнга яқин маҳалла ташаббуси қўллаб-қувватланди. Масалан, ўтган йили Денов туманидаги Янги куч маҳалласига “Очиқ бюджет” лойиҳасидан 730 миллион сўм пул маблағи ажратилиб, битта сув қудуғи қазилди. 25 квадрат-метр ҳажмдаги сув минораси, электр трансформатори ўрнатилди. Уч километр масофага қувур тортилиб, маҳалла аҳли тоза ичимлик сув билан таъминланди. Бандихон туманидаги Обикор, Бектепа, Олтинсой туманидаги Мармин, Ҳайрондара маҳаллалари аҳолисининг ичимлик сув таъминоти “Очиқ бюджет” ташаббусли лойиҳаси орқали ҳал этилди.
– Аҳолининг тоза ичимлик сув масаласини ечишда мазкур лойиҳа ўзига хос ўрин тутмоқда, – дейди “Сурхондарё сув таъминот” масъулияти чекланган жамияти ахборот хизмати ходими Ўроғали Диёров. – Ҳақли эътирозларни камайтиришга ёрдам бераётир. Бунинг учун жойларда “Очиқ бюджет” ташаббусли лойиҳасининг мазмун-моҳияти, жамиятимиздаги муҳим масалаларни ҳал этишдаги аҳамияти, овоз бериш жараёнлари кенг тушунтирилмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётир. Овоз бериш даврида ғолиб бўлган таклифлар бўйича смета-лойиҳалари тайёрланиб, ишга киришилмоқда.
Олтинсой туманидаги Янги қурилиш маҳалласининг сув иншооти жиҳозлари эскириб, муддатини ўтагани ва ҳудудда сув таъминоти тўхтаб қолгани учун кўп йиллардан буён аҳоли ичимлик сув муаммосига дуч келаётган эди. Узоқ йиллик бу масаланинг ечими топилди. Ўтган йили “Очиқ бюджет” порталининг “Ташаббусли бюджет” бўлими орқали иншоотни қайта таъмирлаш лойиҳаси илгари сурилиб, етарли овоз тўпланди. Натижада сув иншоотини қайта таъмирлаш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 800 миллион сўм маблағ ажратилди. Ана шу маблағ эвазига иншоот тўлиқ қайта тикланди, янги жиҳозлар ўрнатилди. Икки маҳаллада 9 километр эскирган сув қувури янгисига алмаштирилди. 1,5 километр масофага янги сув қувури тортилиб, 1 минг 200 хонадонга марказлашган тоза ичимлик суви етказиб бериш йўлга қўйилди.
– Бу олдиндан мавжуд сув тақсимлаш иншооти эди, – дейди Олтинсой тумани “Сувоқова” унитар корхонаси бош муҳандиси Чори Каримов. – Жиҳозлари эскириб, ўн йилдан ортиқ вақт ишламай турди. Дастурга киритишнинг мавриди бўлмаётган эди. Мазкур маблағ ҳисобидан янгидан қурилиб, барча жиҳозлар янгиланди. Сув манбаси жуда яхши. Қувурлар ҳам қайта таъмирланди. Деярли ҳар бир хонадонга жиҳоз ўрнатилиб, қайта сув келтирилди. Айтинг, бундан беш йил аввал халқ фаровонлиги учун хизмат қиладиган бундай тартиблар бормиди? Йўқ, албатта. Бу мамлакатимизда ўзгаришлар ва аҳолининг муҳим ижтимоий масалалар бўйича маҳаллий бюджет тақсимланишида иштирок этиш учун яратилган имкониятлар натижасидир.
Шўрчи туманидаги Қоқайди маҳалласида 650 хўжалик мавжуд. Уларнинг 450 таси тоза ичимлик суви билан таъминланган. Бироқ, 200 хўжалик учун эскириб, ишдан чиққан қувурларни янгисига алмаштириш қарийб 40 йиллик орзу эди. Бу орзу-ҳавас "Очиқ бюджет" портали орқали рўёбга чиқарилмоқда. Лойиҳада энг кўп овоз тўплаб, 690 миллион сўмга эгалик қилган маҳалла аҳолиси учун ушбу маблағ эвазига дастлаб артизан қудуғи қазилиб, сув чиқарилди. Эндиликда бунёдкорлар сув минораси ўрнатиб, қарийб 4 километр масофага сув тармоғи тортиш ишларини олиб бормоқда.
– Маҳаллада юриб, хатлов ўтказаётганимда одамлар тоза ичимлик суви муаммосини айтди, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Беҳзод Қодиров.–Масалани ечиш учун “Очиқ бюджет” порталини танладик. Биринчи босқичда ташаббус киритдик. Иккинчи босқичда ҳокимият тасдиқлади. Учинчисида аҳоли овози тўпланиб, ғолиб бўлгач, маҳаллий бюджетдан молиялаштирилди. Ҳозир амалга оширилаётган қурилиш ишларидан одамлар жуда мамнун. Улар ҳар бир хонадонга ислоҳотлар кириб бораётганидан қувоняпти.
Мутасаддиларнинг айтишича, жорий йилнинг биринчи ярми учун “Очиқ бюджет” порталида ўтказилган овоз тўплаш жараёнида фаол иштирок этиб, воҳада яна қатор маҳалла ичимлик сув масаласига ечим топмоқда. Жумладан, платформага келиб тушган таклифларга овоз бериш жараёнида ғолиб чиққан Қумқўрғон туманидаги Янгиҳаёт маҳалласи "Қоракўлча" кўчасида иш қизғин. Бу ерда 821,5 миллион сўм маблағ эвазига 7,9 километр сув қувури ва сервис тармоқлари тортилмоқда. Узун туманидаги чекка Чақар маҳалласида 1, 8 километр сув қувури тортилиб, янги сув насоси ўрнатилди. Сув минораси таъмирланмоқда. Чинор маҳалласида 1,1 километр масофага янги сув қувури тортилаётир. Обод юрт маҳалласида 1,2 километр ичимлик сув қувури ётқизилмоқда. 25 метр-куб ҳажмдаги сув минораси ва янги сув насоси ўрнатиляпти.
Олтинсой туманидаги Хўжаипок ва Халқабод маҳаллалари аҳолисининг тоза ичимлик сув манбаидан баҳраманд бўлишида “Очиқ бюджет” портали жуда қўл келди.
Жорий йилги “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг иккинчи босқичида ҳам воҳада турли муаммолари ечилишини истаётган маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ўзларини қийнаб келаётган масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазаларини илгари сурган. Овоз бериш жараёнида энг кўп овоз олган таклифлар ғолиб, деб топилиб, молиялаштириш учун халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари сессиясига киритилади. Демак, яна ўнлаб маҳаллаларда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, муаммо ечимини топади. Бундан аҳолининг турмуш шароити яхшиланади. Буларнинг барчаси мамлакатмизда одамлар қадрини улуғлашга қаратилаётган ислоҳотлар самараси ва “Инсон-жамият-давлат”, деган эзгу тамойилнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz