Янги тизим хотин-қизларнинг дунё қарашини ўзгартирди
Сурхондарё вилоятида 1 миллион 360 мингдан ортиқ хотин-қиз яшайди. Жамиятимиз гултожларининг 1 миллион 65 минг нафари қишлоқларда истиқомат қилади. 721 минг 600 нафари меҳнатга лаёқатли. Уларнинг 444 минг 800 нафари иқтисодий фаол хотин-қизлар бўлиб, 130 минг 100 нафари расмий, 252 минг 400 нафари норасмий секторда иш билан банд.
Термиз шаҳридаги Матбуот уйида бўлиб ўтган навбатдаги матбуот анжуманида вилоят ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зулхумор Хидирова бу ҳақида журналист ва блогерларга маълум қилди.
Мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, мавқеини янада мустаҳкамлаш, гендер тенглигини таъминлашга қаратилаётган эътибор Янги Ўзбекистонни бунёд этишда ўз самарасини бермоқда. Жумладан, вилоятдаги аёлларнинг 2 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 1 нафари Сенатор, 17 нафари Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳамда 88 нафари туман (шаҳар) Кенгашларида депутат сифатида хизмат қилмоқда.
–Бугун хотин-қизларга ғамхўрлик бундан беш-олти йил аввалги эътибордан тубдан фарқ қилади, – деди Зулхумор Хидирова. – Аёлларимизнинг дунё қараши, келажакка интилишларида ҳам катта фарқ бор. Чунки, улар билан яқиндан сирлаша оладиган, дарду-ташвишини тинглаб, яқиндан ёрдам берадиган ишончли тизим яратилди. Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда унинг туман, шаҳар бўлимлари ходимлари, маҳаллалардаги 723 нафар хотин-қизлар фаоллари опа-сингилларимиз, азиз она ва бувиларимизни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб, оилаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, жорий йилда маҳалла хотин-қизлар фаолларининг уйма-уй юриши чоғида 35 мингдан ортиқ ишсиз хотин-қиз рўйхатга олиниб, йилнинг ўтган даврида 25 минг 682 нафарининг бандлиги таъминланди.
Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 14 минг 975 нафар-хотин-қизларга 316 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағи ажратилди. “Бир ҳунарманд аёлга – ўн шогирд” лойиҳаси доирасида 1 минг 221 нафар ишсиз хотин-қиз 850 нафар ҳунарманд аёлга шогирд сифатида бириктирилди. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини кенг тарғиб қилиш учун гендер масалалари бўйича 16 нафар тренер ҳамда 2 та тарғибот гуруҳи шакллантирилиб, вилоятда “Гендер-мадад” электрон ҳуқуқий маслаҳат платформаси ҳамда унинг мобил иловаси ишга туширилди. Платформага “Аёллар ҳуқуқий ҳимояси”, “Гендер тенглик”, “Аёлларга имтиёзлар”, “Оилавий муносабатлар” ва “Оилавий зўравонлик” каби ҳуқуқий мавзуларга оид маълумотлар жойлаштирилиб, онлайн чат орқали ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилди.
Вилоятда ишлаб чиқилган “Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш дастури” доирасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Маҳаллаларда “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил этилиб, 11 мингдан зиёд фаол аёллар жалб этилди ва “хонадонбай” тарғибот-ташвиқот ишлари йўлга қўйилди. Эҳтиёжманд оилалардаги илмга интилган хотин-қизлар қўллаб-қувватланиб, белгиланган мезон асосида 3 минг 774 нафарига тавсиянома берилди.
Анжуманда жойлардаги хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлари, олий таълим муассасалари ва маҳаллалардаги “Қизларжон” клуби, “Бувижонлар мактаби” тўгараклари фаолияти, “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлик механизми, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, “Маҳаллада ижтимоий хизмат” модулининг самаралари, оилаларни мустаҳкамлаш, турар-жойга эга бўлмаган хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, ижара пулларини тўлаб бериш, ижтимоий уйлар қурилиши каби йўналишларда амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Матбуот анжуманида таъкидланишича, воҳада “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг муаммоларини тизимли ҳал этишга эришилмоқда. Масалан, жорий йилда 41 минг 222 нафар хотин-қиз мазкур дафтарга киритилган. Ҳозиргача уларнинг 39 минг 785 нафарига тегишли ёрдам кўрсатилган. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бўлган 2 минг 639 нафар хотин-қизга 30 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилиб, ўз бизнесини бошлашига кўмаклашилган. 12 минг 647 нафар боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизга аёллар жамғармасидан 8 миллиард 200 миллион сўм, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди бор 5 минг 678 эҳтиёжманд хотин-қизга 5 миллиард 600 миллион сўмлик бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган. 7 минг 305 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизга аёллар жамғармаси ҳисобидан 5 миллиард 100 миллион сўм бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 115 нафарининг уй-жойи таъмирлаб берилган.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Шу куни иштирокчиларни Қумқўрғон туманида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш сингари йўналишларда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан таништириш учун пресс-тур ҳам ташкил этилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар “Боймоқли чеварлари” тикувчилик корхонаси, туманнинг иккинчи секторидаги тадбиркорлик маркази, “Аёллар дафтари” га киритилгач, оила ва хотин-қизлар бўлими кўмагида ўз бизнесини йўлга қўйган К. Аннабоева фаолияти билан танишди. “Оналар яшил макон учун” умуммиллий лойиҳасида қатнашди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz