Вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг сайёр қабули Сариосиё туманида давом этди

Вилоят ҳокимининг учрашуви куннинг иккинчи ярмида Сариосиё тумани “Галабутта” маҳалласи ҳудудида жойлашган "Бўстон" маданият марказида  давом этди.

Учрашувда вилоят ҳокими 65 нафар фуқаронинг бандлик, ичимлик суви, ички йўллар таъмири, электр ва газ таъминоти, соғлиқни сақлаш, имтиёзли кредит ажратиш, ижтимоий таъминот каби турли масалаларга оид 87 та мурожаатини қабул қилди. Қабул қилинган мурожаатларнинг 29 таси шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Жумладан, Сариосиё тумани “Дийдор” маҳалласида яшовчи Асадулло Эшов ҳудуд фуқаролари номидан вилоят раҳбарига мурожаат қилиб, эскириб қолган сув минорасини янгилашда амалий ёрдам сўради. Фуқаронинг мурожаатини қисқа муддатда ҳал этиш бўйича вилоят ва туман масъулларига тегишли вазифалар юклатилди. Шунингдек, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Муборак Раҳимованинг бандлигини таъминлаш масаласидаги мурожаати ҳам ижобий ечим топди.

– Ўзим тикувчиликка қизиқаман, лекин ўз тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйиш учун жиҳозларим йўқ эди. Бугун вилоятимиз ҳокими бизнинг туманимизда сайёр қабул ўтказаётганини эшитиб, мурожаат билан келдим ва менга тикув дастгоҳи ажратиб берадиган бўлди. Рости масалам бу қадар тез ҳал бўлишини кутмагандим – дейди Муборак Раҳимова, – биз аёлларни қўллаб-қувватлаётган Юртбошимизга миннатдорчилик билдираман.

Бундан ташқари сайёр қабулда “Афросиёб” маҳалласи ҳудудидан ногиронлиги бўлган шахслар учун намунавий лойиҳалар асосида қурилган 12 та хонадонни газлаштириш масаласида мурожаат қилган 1-гуруҳ ногирони Марҳабо Сатторова ва бир гуруҳ фуқароларнинг мурожаати ҳам ижобий ҳал этиладиган бўлди. Масъулларга қисқа муддатда мазкур 12 та хонадонни табиий газ тармоғига улаш бўйича топшириқ берилди.

Сайёр қабулда келиб тушган мурожаатларнинг 58 таси қўшимча ўрганиш ва маблағ талаб этганлиги сабабли, масъулларга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.