Вилоят ҳокими тадбиркорларнинг таклиф, шикоят ва мурожаатларини тингламоқда
Сурхондарё вилояти ҳокимлигида «Тадбиркорлар қабули»да иштирок этиш истагини билдирган хусусий сектор вакилларининг мурожаатларини тинглаш ҳамда ҳал этиш чораларини кўриш учун навбатдаги “Тадбиркорлар қабули” бўлиб ўтмоқда.
Қабулда вилоят ҳокими Тўра Боболов, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ташкилот ва тижорат банклари раҳбарлари ҳамда 168 нафар тадбиркор иштирок этмоқда.
Учрашув аввалида вилоятда ҳудудий дастурларнинг бажарилиши, тижорат банклари томонидан лойиҳаларни молиялаштириш ҳолати муҳокама этилди. Тижорат банкларидан кредит олишда муаммоларга дуч келаётган тадбиркорларнинг мурожаатлари ҳам тингланиб, ҳар бир лойиҳанинг молиялаштирилиши юзасидан тижорат банкларининг ахбороти эшитилди.
Қабулда бир қатор мурожаатлар жойида ҳал этилди. Жумладан, бойсунлик тадбиркор Назокат Собирова ўзининг миллий гиламлар ишлаб чиқариш лойиҳасини кенгайтириш учун бино қураётганини айтиб, қурилишни якунлаш учун кредит маблағи ажратилишида ёрдам сўради. Кредит ажратилиши учун гаров таъминоти бўлмаганлигини инобатга олиб, вилоят ҳокими тадбиркорга Термиз шаҳрида ҳозирда фойдаланилмай турган замонавий бинода фаолиятини олиб бориши бўйича таклиф берди. Тадбиркор ушбу таклифни қабул қилиб, Бойсун туманида бўлиб ўтган сайёр қабулда вилоят ҳокимига қилган мурожаати ижобий ҳал этилгани натижасида фаолияти ривожлангани учун миннатдорлик билдирди.
“Денов текстил” УК раҳбари Зарина Тошмуродова ҳозирги кунда 37 турдаги кийим-кечак ишлаб чиқараётгани, корхонада фаолият олиб борувчи 25 нафар ходимдан 20 нафари ногиронлиги бўлган шахслар эканини билдириб, маҳсулотларини сотилишида амалий ёрдам сўради. Тадбиркорнинг касаначилик асосида ишни ташкил қилиб, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаганини инобатга олган ҳолда қонунчилик талаблари асосида вилоят Молия бошқармасига ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш учун тўғридан-тўғри шартномалар тузишда яқиндан ёрдам кўрсатиш топшириғи берилди.
Шунингдек, “Нурмухаммад” МЧЖ раҳбари Бахтигул Норматова Қумқўрғон туманида жойлашган ўз биносида хусусий клиника ташкил этмоқчилигини айтиб, тиббиёт жиҳозлари сотиб олиш учун тижорат банкларидан кредит маблағи ажратилишида амалий ёрдам сўради. Вилоят ҳокими тижорат банкига масалани тез кунларда ҳал этиш бўйича тегишли кўрсатма берди.
Вилоят ҳокимининг “Тадбиркорлар қабули” давом этмоқда.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz