Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш ҳар бир Давлат хизматчисининг мажбуриятидир!
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилояти филиали, Адлия бошқармаси ҳамда Бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда “Давлат фуқаролик хизматчиси – қонунлар нигоҳида” мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди. Ўқув-семинарни ташкил этишдан асосий мақсад – вилоятда давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар билан ишлаш бўлинмалари раҳбарларининг назарий билим ва амалий кўникмаларини ошириш ҳамда салоҳиятини янада ривожлантиришга кўмаклашиш ҳисобланади.
Маълумки, жорий йилнинг 8 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат қилаётган 118 минг нафардан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ва улар фаолиятини ягона қоидалар асосида ҳуқуқий тартибга солувчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунни имзолади.
Давлат раҳбари ҳузурида 2022 йил 4 август куни давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.
Ушбу йиғилишда Президентимиз давлат хизматини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларига тўхталиб, ушбу масала қарийб 30 йилдан бери кейинга сурилиб келинаётганлигини қайд этди. Маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда икки йил давомида, чуқур муҳокамалар асосида ушбу Қонун тайёрланганлигини алоҳида таъкидланди.
Қонуннинг ишлаб чиқилиши – жуда машаққатли жараён бўлиб, 15 та вазирлик ва идоралар мутахассислари, хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тайёрланган. Жамоатчилик вакиллари, жумладан, журналист ва блогерлар иштирокида 10 дан ортиқ муҳокамалар ташкил этилган. Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида хориж тажрибаси ва халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазаларига таянилган. Хусусан, Япония, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Хитой, Болгария, Латвия, Польша, Эстония, МДҲ давлатлари ва бошқа мамлакатларнинг қонунчилиги таҳлил қилинди.
Бундан ташқари, семинарда “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сонли Қарорига асосан мутахассислар томонидан Давлат хизматчиларининг нафақат хизматни ўташ вақтида, балки, хизматдан ташқари вақтдаги одоб-ахлоқ қоидалари, шу билан бирга, раҳбар ходимларнинг мажбуриятлари тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ўқув-семинари интерфаол усулида ташкил этилиб, иштирокчиларга мутахассислар томонидан қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди ва иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилди.
Тарғибот семинари давомида иштирокчилар ўзларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларларини билдиришди. Якунда иштирокчиларга Қонун ҳамда қарор тарғиботига доир услубий материаллар ҳамда тавсиялар берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz