Термизда “Ҳамдўстлик – 2022” ўқув-машғулоти ўтказилмоқда
Мудофаа вазирлигининг Термиз дала-ўқув майдонида Ўзбекистон – Тожикистон “Ҳамдўстлик – 2022” ўқув-машғулот йиғини бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан юртимизга йўл олган Тожикистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари “Сариосиё” чегара назорат-ўтказиш пункти орқали Термиз шаҳрига етиб келди.
Сўнгги йилларда тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган дўстлик ва қардошлик алоқалари янги босқичда ривожланаётган икки қардош мамлакат вакиллари ҳарбий йўналишда ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди. Давлатларимизнинг турли минтақаларида ўзбек-тожик ҳарбий хизматчилари иштирокида икки томонлама ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш анъанага айланди.
Навбатдаги ўқув-машғулот йиғинига қарийб уч асрлик тарихга эга Термиз шаҳри илк марта мезбонлик қилмоқда. Тожикистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи ўринбосари, генерал-майор Эгамзода Шароф Худойберди бошчилигидаги делегация аъзоларини “Сариосиё” чегара назорат-ўтказиш пунктида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари бош штаби бошлиғи ўринбосари, полковник Фаррух Зиябоев ва Жанубий оператив қўмондонлик бошлиғи, полковник Пўлатжон Сотволдиев ўзбекона карнай-сурнай садолари остида кутиб олди. Шу куни меҳмонлар махсус транспорт воситаларида Термиз дала-ўқув майдонида жойлашган ҳарбий қисмга етиб келди.
Қардош халқ ҳарбий хизматчиларини Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондони, генерал-майор Зайнобиддин Иминов, Сурхондарё вилояти фахрийлари, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари дўстона қарши олди. Тожикистонлик ҳарбий хизматчилар ўзлари учун ажратилган ётоқхоналарга жойлаштирилиб, куннинг биринчи ярмига белгиланган тадбирлар шу тарзда якунланди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментидан олинган маълумотларга кўра, бугун кечки пайт икки давлат ҳарбийлари иштирокида ўн кун давом этадиган ўқув-машғулот режалари билан танишиш йиғини ўтказилади. Меҳмонлар учун маданий-маърифий тадбир ташкил этилади.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz