Таҳлил, танқид ва натижалар сарҳисоби – кун тартибидаги масалалар муҳокама қилинди

Вилоят ҳокими Тўра Боболов вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, “дафтарлар”га киритилган фуқаролар билан ишлаш, муаммоли кредитларни сўндириш ҳамда экспорт ва бюджет прогноз режаларининг бажарилиши юзасидан видеоселектор ўтказди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда дастлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтказилаётган кўчат экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” ижроси муҳокама қилинди. Тадбир якунига ҳам саноқли кунлар қолган бўлсада, режалаштирилган 6 млн 5 минг кўчат экиш ишлари суст олиб борилаётганлиги, айрим туманларда ишлар сифатсиз йўлга қўйилганлиги қаттиқ танқид қилинди. Масъулларга тез кунларда ўзгариш қилмаган тақдирда тегишли чоралар кўрилиши бўйича огоҳлантиришлар берилди.

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” платформаларига киритилган фуқаролар билан ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар аҳволи ҳам танқидий кўриб чиқилди. Йил якунига саноқли ҳафталар қолганига қарамай “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга манзилли амалий ёрдамлар кўрсатиш ишлари Ангор ва Қумқўрғон туманларида 95 фоизга, Музработ ва Жарқўрғон туманларида 96 фоизга бажарилган холос.

“Ёшлар дафтари” платформасида рейтинг натижаларига кўра Шеробод тумани 70,4 фоиз, Ангор тумани 72,8 фоиз, Сариосиё тумани 76,9 фоиз ва Термиз тумани 77,0 фоиз билан вилоят кўрсаткичидан паст эканлиги, бу борада ушбу туманларда ишлар тўғри ташкил этилмаганлигидан далолат беради.

Вилоят раҳбари шаҳар ва туманлар ҳамда секторлар кесимида “дафтарлар” билан ишлаш бўйича ишлар сарҳисобини таҳлил қилди. Масъулиятсизликка йўл қўйганлиги учун қатор туманлар ҳокимликлари ва бошқармаларнинг масъуллари огоҳлантирилиб, фаолиятида ўзгариш қилмаса қатъий чоралар кўрилишини маълум қилди.

Шунингдек, жорий ноябрь ойида экспорт ва бюджет тушумларининг бажарилиши ҳамда муаммоли кредитларни сўндириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлили ҳам кўриб чиқилди. Экспорт кўрсаткичларининг бажарилиши бу вилоятимизга қўшимча валюта кириб келишини таъминлайди. Бюджет кўрсаткичларининг бажарилиши эса ижтимоий соҳани ривожлантириш, кўмакка муҳтож, “дафтарлар”да рўйхатга олинган фуқароларга ёрдам кўрсатиш манбаси ҳисобланади.

Ушбу масалада айрим шаҳар ва туманлар ҳокимларининг масъул ўринбосарлари ва бошқармалар раҳбарларининг масъулиятсизлиги туфайли белгиланган режанинг бажарилиши ортда қолаётганлиги айтиб ўтилди.

Масъулларнинг муаммоли кредитларни сўндириш бўйича олиб бораётган ишлари ҳам қониқарсиз эканлиги қайд этилиб, ушбу масала алоҳида қўшимча муҳокама қилиниши, муаммоли кредиторлиги бўлган тадбиркорлар билан учрашув ўтказилиши белгиланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.