Вилоят ҳокими Тўра Боболов Термиз шаҳрида оғир турмуш шароитларида яшаётган оилалар хонадонида бўлди

Вилоят ҳокими Тўра Боболов вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари, Термиз шаҳар ҳокими ва бошқа масъуллар билан шаҳарда оғир турмуш шароитларида яшаётган оилалар хонадонларида бўлиб, уларнинг муаммоларини ўрганди.

Биринчи манзил Термиз шаҳри “Маърифат” маҳалласида 28 метр квадрат майдонда 11 киши яшаётган Тохир Жўрақуловнинг хонадони бўлди. Хонадонга ташриф чоғида вилоят раҳбаридан оиланинг келини Д.Нарзиева қизи Шукронани кўзида жарроҳлик амалиёти ўтказишда моддий ёрдам сўради. Вилоят ҳокими Шукронанинг кўзини даволатиш учун 27 млн сўм маблағ шартнома асосида тўлаб берилишини маълум қилди ва даволанишга бориб-келиш харажатлари ҳамда қўшимча дори-дармон олиш учун зарур бўлган маблағ бугуннинг ўзида фуқаро Д.Нарзиевага тўлаб берилди.

Бундан ташқари Т.Жўрақуловнинг ўзини ва ўғли Ж.Жўрақуловни ишга жойлаштириш ҳамда қизи, ёлғиз она М.Жўрақуловани ишга жойлаштириш, арзонлаштирилган уй-жойдан олиш учун “Аёллар дафтари” жамғармасидан бошланғич тўлови тўлаб берилиши масаласи ҳам ҳал этилиши белгиланди.

Термиз шаҳри “Меҳробод” маҳалласида 6 сотихли майдонда 7 та оила, 22 жон бўлиб яшаётган Қурбоной Шаймуратова хонадонига ташриф буюрилди. Қ.Шаймуратова бундан аввал ҳокимлик кўмагида ишга жойлаштирилган бўлиб, эндиликда бир жойда 7 оила сиқилиб яшаётганлигини билдирди ва вилоят ҳокимидан амалий ёрдам сўради. Ушбу хонадонда яшовчи оилаларга уй-жой қуриш учун аукцион орқали ер майдони олишда ёрдам бериш ҳамда қурилиш материаллари билан таъминлаш масаласида шаҳар ҳокимига топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Кейинги манзилда яшовчи Қизманой Раҳмонназарова 33 йиллик педогог. Бугун у синглиси ва укалари билан 6 оила, 24 жон бўлиб бир ҳовлида яшаб келишмоқда. Вилоят ҳокими билан суҳбатда фуқаро синглиси Р.Рахмонназарова ва укаси Р.Рахмонназаровнинг юрагидаги хасталикни даволатишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Вилоят ҳокимининг топшириғи билан бугуннинг ўзида иккала бемор ҳам шифокорлар назоратига олинди ва даволанишлари учун шарт-шароитлар яратилиши белгиланди. Вилоят ҳокими уларнинг даволаниш харажатлари давлат томонидан тўлаб берилишини маълум қилди. Шунингдек, оила келини Р.Шариповага ўзини ўзи банд қилиши учун тикув дастгоҳи ва оила учун озиқ-овқат маҳсулотлари  етказиб берилди.

Бундан ташқари Қ.Рахмонназарованинг мархум укасининг турмуш ўртоғи, ёлғиз она, 3 фарзанднинг онаси бўлган М.Акрамовага уй-жой олиши учун “Аёллар дафтари” жамғармасидан бошланғич тўлови тўлаб берилиши маълум қилинди.

Охирги манзил ўз яшаш уйида 1935 йил ва 1947 йилда туғилган икки нафар қарияни парвариш қилиб ҳамда ногиронлиги бўлган бир нечта фуқарога қараб келаётган Гурбанбека Язханованинг хонадони бўлди. Вилоят ҳокими бу оиланинг муаммоларини ўрганар экан, фуқаро Г.Язхановага ушбу икки қарияни ўз уйига ижарага қўйиб, парваришлаб келаётганлиги учун миннатдорчилик бирлдирди ҳамда уларнинг ижара пуллари тўлаб берилишини, икки қария ижтимоий уйларга жойлаштирилишини маълум қилди. Оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, қариялар учун кийим-кечаклар масъуллар томонидан бугуннинг ўзида етказиб берилди.

Шунингдек, Г.Язхановага ногиронлиги бўлган фуқарога қараб келаётганлиги учун тўланиши лозим бўлган 5 ойлик иш ҳаққиси шу жойнинг ўзида тўлаб берилди.

Албатта, энг биринчи навбатда инсонийлик жиҳатдан ҳам ушбу оилалар ҳолидан хабар олган вилоят ҳокими масъулларга жойларда шундай шароитларда яшаётган оилаларни аниқлаш, уларга биринчи навбатда ёрдам кўрсатилиши лозимлигини, ҳар бир фуқаронинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун шарт-шароитлар яратиш кераклигини таъкидлади.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.