Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Вилоят ҳокими Узун тумани Боботоғ ҳудуди аҳолиси билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилояти Узун тумани Боботоғ ҳудудида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш, янги боғ ва узумзорларни ташкил этиш, пиллачилик ва чорвачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчилик ишларини ва ветеринария хизматини янада ривожлантириш, шунингдек, электр энергияси таъминотини яхшилаш, тиббий ва алоқа хизматлари сифатини ошириш мақсадида “2021-2023 йилларда Сурхондарё вилояти Узун тумани Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Вилоят ҳокими Тўра Боболов сектор раҳбарлари билан биргаликда Узун тумани Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди ва Боботоғ ҳудудида жойлашган 45-сонли мактаб биносида аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабулда Боботоғлик 31 нафар фуқароларнинг 52 та турли масаладаги мурожаатлари тингланди. Қабул қилинган мурожаатларнинг 14 таси шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди ва 38 та мурожаат ижроси муддат ва қўшимча ўрганиш ҳамда маблағ талаб этганлиги сабабли масъулларга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди.

Қабулда иштирок этган Собир Холбоев ҳудуддаги ерлар асосан адирликларда жойлашган, сувсиз ерлар эканлигини билдириб, ер солиғи ставкаларини тушириш масаласида мурожаат қилди. Вилоят раҳбари туман ҳокими ва солиқ органи раҳбарларига ушбу масалани тегишли тартибда кўриб чиқиб, солиқ ставкаларини тушириш масаласини туман Кенгаши депутатлари муҳокамасига киритиш бўйича кўрсатмалар берди.

Учрашув сўнгида вилоят раҳбари Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурда белгиланган ҳудуд аҳолиси учун қулайликлар яратиш ва инфратузилмани яхшилаш борасидаги ишлар 2023 йилда ҳам давом эттирилишини маълум қилди.

Дастурда белгиланган чора-тадбирларнинг тўлиқ амалга оширилиши бўйича масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар ҳамда аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.