Боботоғ ҳудудида 102 та хонадонли ҳарбий шаҳарча фойдаланишга топширилди
Мамлакатимизда ҳарбий хизмат нуфузини юксалтириш ва Қуролли Кучларимиз жанговар шайлигини янада ошириш мақсадида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шундай эътиборнинг навбатдагиси вилоят марказидан олисда жойлашган Боботоғ ҳудудида лойиҳа қиймати 20,5 млрд сўм бўлган “Саодатбону Азиза Термиз” хусусий корхонаси томонидан янгидан қурилган 3 та 5 қаватли ҳамда қайта таъмирланиб, реконструкциядан чиқарилган, замонавий шарт-шароитларга эга бўлган 4 та 2 қаватли турар жой биноларида жами 102 та хонадон ҳамда тикув цехи қад ростлаган ҳарбий шаҳарчанинг тантанали топширилиши бўлди.
Тадбирда вилоят ҳокими Тўра Боболов иштирок этиб, ҳарбий хизматчиларга янги хонадон калитларини тантанали топширди. Тантанали тадбирда шунингдек, вилоят ва туман секторлари раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, нуронийлар, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этишди.
– Боботоғ ҳудудидаги ҳарбий қисмда хизмат фаолиятимни олиб бормоқдаман. Ёш оиламиз, турмуш ўртоғим ва бир нафар фарзандим билан янги хонадонга кўчиб ўтганимиздан хурсандмиз. Барча замонавий қулайликларга эга хонадон соҳиби бўлганимиз мендан ҳам кўра турмуш ўртоғимни бахтиёр қилди, бунинг учун биз ҳарбий хизматчиларга эътибор қаратиб, шундай қулайликларни яратиб бераётганлиги учун Олий Бош Қўмондонимиз, мухтарам Президентимизга оиламизнинг миннатдорчилигини билдираман – дейди Термизлик ҳарбий, кичик сержант Сирожиддин Қиёмов.
Вилоят раҳбари ва тадбир иштирокчилари янги хонадонларга эга бўлган ҳарбий хизматчилар уйларида меҳмон бўлишиб, хонадонларнинг шароитлари билан танишишди. Замонавий лойиҳалар асосида қурилган, икки ва уч хонадан иборат бўлган бу уйларда ҳарбий хизматчиларнинг фаровон турмуш кечириши учун барча қулайликлар яратилгани эътироф этилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz