Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Тўра Боболов: ““Яшил макон” лойиҳаси ижроси эртанги мусаффо табиат ва тоза ҳаво манбаидир”

Вилоят ҳокими Тўра Боболов раҳбарлигида навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда вилоят студиясидан сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг тармоқлар бўйича ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳудудий студиялардан шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари ва туман ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди.

Дастлаб кун тартибидаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг вилоятдаги ижроси муҳокама қилинди. Лойиҳа доирасида ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик”га ҳам саноқли кунлар қолди, аммо, белгиланган режани бажаришда сусткашликка йўл қўяётган ҳудудлар мавжуд. Уларнинг белгиланган режани муддатида бажармаётгани вилоят учун белгиланган 6 млн 5 минг дона кўчат экиш режасининг бажарилишини ортга сураётганлиги қайд этилди. Вилоят раҳбари бу борада масъулиятсизликка йўл қўяётган Жарқўрғон, Шўрчи, Шеробод туманлари ҳокимларининг масалага алоқадор ўринбосарларининг бу борадаги фаолиятини танқид қилди.

Кўчат экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” якунига саноқли кунлар қолганлиги сабабли шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ва масъул бошқармаларга ишларни жадаллаштириш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш борасидаги ишларни тизимли йўлга қўйиш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Кун тартибида шунингдек, қишлоқ хўжалиги, экспорт ва бюджет прогноз режаларининг ижроси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини қиш мавсумига тайёрлаш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.

Жорий йил ноябрь ойида маҳаллий бюджет даромадларининг бажарилиши аҳволи қониқарли эмаслиги қайд этилиб, бу борада шаҳар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда ҳудудий солиқ органлари томонидан олиб борилаётган ишлар қониқарсиз деб топилди. Масала ижроси бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар ва вазифалар белгилаб берилди.

Вилоятга қўшимча валюта кириб келишини таъминловчи экспорт кўрсаткичларининг бажарилиши ҳам таҳлил қилинди. Жорий йил январь-ноябрь ойлари давомида мева-сабзавот экспорти 102,6 фоизга бажарилган бўлсада, саноат маҳсулотлари экспорт кўрсаткичларининг бажарилиши 51,3 фоиз эканлиги танқид қилинди.

Шунингдек, кун тартибида бошқа муҳим масалалар ҳам муҳокама қилиниб, амалга оширилаётган ишлар бўйича масъулларнинг ҳисоботлари тингланди. Вилоят раҳбари белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш борасида қатъий тартиб-интизом ва самарали назорат ўрнатиш лозимлигини таъкидлади.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.