Расмий муносабат
Бугун ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Сурхондарё вилояти ҳокимлиги 2020 йилдаги фармойишлари учун 2022 йил 18 ноябрда 8 млрд. сўм маблағ ажратди” мазмунидаги материал юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Танқидий материалга илова қилинган қарор Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг 2022 йил 18 ноябрдаги VI-62-261-8-0-K/22-сонли қарори бўлиб, мазкур қарорнинг 5-банди - “2020 йилда коронавирус пандемияси даврида вилоят аҳолиси учун арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари заҳирасини яратиш мақсадида вилоят ҳокимининг 2020 йил 27 июлдаги Ф-127-сонли фармойиши билан (шартнома асосида) 5,0 млрд., 2020 йил 2 октябрдаги Ф-172-сонли фармойиши билан 1,0 млрд, 2020 йил 14 октябрдаги Ф-183-сонли фармойиши билан 2,0 млрд., жами 8 млрд. сўм маблағ “Саховат ва кўмак” жамғармасидан ажратилгани инобатга олинсин” – деб келтирилган.
Яъни 2020 йилда бу фармойишлар кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар сабабли қабул қилинган ҳамда шу даврда карантин талаблари кучайтирилгани сабабли Кенгаш сессиялари ўтказилмаган. Шу боисдан мазкур фармойишларни кенгаш тасдиғидан ўтказиш имкони бўлмаган.
Бунга сабаб, 2020 йил март ойидан бошлаб Республикамиз бўйлаб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтириш, шунингдек, бизнес вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўрилган ҳолда карантин қоидалари жорий этилгани, бундан ташқари вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳам коронавирус инфекциясининг оғир турига чалиниб даволаниш курсларини ўтаётган вақтда коронавирус пандемияси даврида вилоят аҳолиси учун арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари заҳирасини яратиш мақсадида кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар эканлиги инобатга олиниб, мазкур маблағларни қайтариш шарти билан ушбу фармойишлар қабул қилинган ва тегишинча пул маблағлари ажратилган.
Ажратилган маблағлар белгиланган вақтда қайтарилмагач, Термиз туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 27 октябрь кунидаги ажрими билан аризачи “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқарувининг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг 2021 йил 19 октябрдаги ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилиб, “Сурхон Дори-Дармон” МЧЖ ҳисобидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқаруви фойдасига 8 млрд. сўм асосий қарз ва 540 000 сўм давлат божи ундириш тўғрисида ижро варақаси берилган.
Шундан сўнг, аризачи “Сурхон Дори-Дармон” МЧЖ Термиз туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраган ва Термиз туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 18 ноябрь кунидаги ажрими билан аризачининг аризаси рад этилган.
“Сурхон Дори-Дармон” МЧЖнинг Термиз туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 27 октябрь кунидаги ажримини бекор қилиш тўғрисидаги апелляция шикояти Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2021 йилнинг 16 декабрь кунида кўриб чиқилиб, Термиз туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 27 октябрь кунидаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилиб, жавобгарнинг апелляция шикояти рад этилган.
Шундан сўнг, жавобгар “Сурхон Дори-Дармон” МЧЖ Термиз туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 27 октябрь кунидаги ажрими ва Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йилнинг 16 декабрь кунидаги қароридан норози бўлиб Ўзбекистони Республикаси Олий судига кассация тартибида шикоят аризаси билан мурожаат қилган ва мазкур иш Ўзбекистони Республикаси Олий суди томонидан 2022 йилнинг 22 февраль кунида кўриб чиқилиб, Термиз туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 27 октябрь кунидаги ажрими ва Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йилнинг 16 декабрь кунидаги қарори ўзгаришсиз қолдирилиб, “Сурхон Дори-Дармон” МЧЖнинг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилган.
Ҳозирги кунда Термиз шаҳар МИБ томонидан “Сурхон Дори-Дармон” МЧЖ ҳисобидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқаруви фойдасига 2 млрд. 600 млн. сўм маблағ ундирилган бўлиб, қолган 5 млрд. 400 млн. сўм маблағни ундириш чоралари кўрилмоқда.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ушбу фармойишларини сессия муҳокамасига киритишни кечиктириб келган ходимларга нисбатан тегишли чора кўрилгани ва уларнинг шахсий масъулияти оширилганлиги маълум қилинади.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz