Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

Вилоят ҳокими Тўра Боболов раҳбарлигида навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди ва кун тартибида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, секторлар фаолияти, қишлоқ хўжалиги ва бошқа муҳим масалалалар ижроси муҳокама қилинди.

Йиғилишда вилоят студиясидан сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг тармоқлар бўйича ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳудудий студиялардан шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари ва алоқадор ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.

Кун тартибида дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Сурхондарё вилоятининг 438 та маҳалласида 2022-2023 йиллар давомида амалга ошириладиган 532 та тадбир доирасида бажарилаётган ишлар сарҳисоби ва ўтган йиғилишларда берилган топшириқлар ижроси ҳолати, бу борада йўл қўйилган камчиликлар масъуллар иштирокида муҳокама қилинди. Танқидий кўриб чиқилган ушбу масала юзасидан вилоят ҳокими томонидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, ижрочиларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Кейинги масала ҳам маҳаллалардаги шароитларни яхшилашга оид бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 августдаги 435-сонли қарорида белгиланган Сурхондарё вилояти шаҳар ва туманларидан танлаб олинган маҳаллаларда ички йўллар таъмири, ичимлик суви билан таъминлаш, электр таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Айрим ҳудудлардаги танлаб олинган маҳаллаларда ишлар суст бажарилаётганлиги танқид қилинди. Бу борада шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳамда масъул бошқарма бошлиқларининг ҳисоботлари тингланди.

Юқорида кўриб чиқилган иккала масала ҳам бевосита аҳоли кайфиятига таъсир қилишини инобатга олиб, ишларни сифатли ва ўз муддатларида бажариш лозимлиги қатъий таъкидланди. Вилоят раҳбари давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг ҳар бир сўмини белгиланган тадбирларга йўналтирилиши ва ишларнинг ўз муддатида бажарилиши назоратда эканлигини, вазифалар ўз муддатида ва сифатли бажарилмаган тақдирда жавобгарлик чоралари кўрилиши ҳақида масъулларни огоҳлантирди.

Йиғилишда, шунингдек, сектор раҳбарларининг фаолияти, маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ўрганиш ҳамда аҳоли билан мулоқот қилиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали ва вилоят Халқ қабулхонаси томонидан Бандихон туманида ўрганиш ишларини олиб бориш масаласи кўриб чиқилди. Ишчи гуруҳларнинг асосий вазифаси аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, яъни “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг қай даражада ёрдам олганликларини мониторинг қилиш ҳамда ёрдам олмаганларга амалий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлиши таъкидланди.

Шунингдек, вилоят ҳокими ушбу масала Бандихон туманида 4 та Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда туман масъуллари иштирокида жойига борган ҳолда қўшимча муҳокама қилиниши ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини маълум қилди.

Кун тартибида вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, 2023 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларида олиб борилаётган агротехник тадбирлар, 2023 йил ҳосили учун кузги шудгорлаш ишларининг бориши, баҳорги дала ишларида қатнашадиган қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш масканларига киритилиши ҳамда деҳқон хўжалиги юритиш учун ер майдонларининг ажратилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар шаҳар ва туманлар ҳамда бошқармалар кесимида муҳокама қилинди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг бош омили бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишларга кечиктириб бўлмас вазифа сифатида қараб, белгилаб берилган топшириқларни ўз муддатларида бажариш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилиш давомида кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, масъулларга тегишли вазифа ва топшириқлар ҳамда уларнинг ижро муддатлари аниқ белгилаб берилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.