Ҳокимлик соати: Арзонлаштирилган савдо ярмаркаларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди
Вилоят ҳокими Тўра Боболов раҳбарлигида жорий ҳафтадаги вазифаларни белгилаб олиш ҳамда муҳим масалалар муҳокамасига бағишланган навбатдаги ҳокимлик соати ўтказилди. Видеоконфренц алоқа орқали ўтказилган йиғилишда сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ҳокимлиги аппарат ходимлари, ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ҳамда бошқа масъуллар иштирок этди.
Дастлаб ижро интизоми масаласи кўриб чиқилди. Унда “Ijro.gov.uz” тизимига бириктирилган Президент Фармонлари, Қарорлари, йиғилиш баёнлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва топшириқлари ижроси, “Collective.uz” дастурига бириктирилган топшириқлар ижроси ҳолати муҳокама қилинди. Бириктирилган топшириқларни ўз муддатида бажармаганлиги учун вилоят ҳокимлигининг иккита котибияти, Термиз шаҳар, Денов ва Шўрчи туманлари ҳокимликлари ҳамда «Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ, «Сурхондарё сув таъминоти» МЧЖ ва Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари фаолияти танқид қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан махсус хизмат кўрсатиш кўчаларига айлантириладиган марказий кўчалар, аукцион савдоларига чиқарилган ер майдонлари, янги хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда шакллантирилган лойиҳаларга тижорат банклари томонидан кредит маблағларининг ажратилиши аҳволи ҳам муҳокама қилинди. Ушбу қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётган мутасаддилар огоҳлантирилиб, уларга камчиликларни бартараф этиш ва лойиҳаларни ўз муддатида амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Кун тартибида кейинги масала — ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг бажарилиши муҳокамаси бўлди. Шаҳар ва туманлар ҳамда тижорат банклари кесимида 52 та лойиҳанинг ишга тушмаганлиги сабаблари кўриб чиқилди. Ушбу лойиҳаларни амалга оширилиши орқали 2,8 минг иш ўринлари яратилиши таъкидланди. Масъулларга белгиланган лойиҳалар бўйича тадбиркорлар билан учрашиб, муаммоларни бартараф этиш, дастурда белгиланган лойиҳаларни молиялаштириш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда 2022-2023 йил қиш ва баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши ҳам муҳокама қилинди. Ушбу масала доимий кун тартибида бўлиши таъкидланиб, белгиланган режани охирига етказиш бўйича аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, жорий йил 15 декабрдан деҳқон бозорлари ҳамда савдо марказларида арзонлаштирилган савдо ярмаркаларини юқори даражада ташкил этиш бўйича масъулларга вазифалар белгилаб берилди. Бунда шаҳар ва туманлар ҳокимларининг тегишли ўринбосарларига ярмаркаларни ташкил этиш, унда маҳсулотларнинг арзонлаштирилган нархларда сотилишини, Марказий банк бош бошқармасига ярмарка савдоларига жалб этилган барча хўжалик юритувчи субъектларни тўлов терминаллари билан таъминлаш, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Давлат солиқ ва Монополияга қарши курашиш бошқармаларига ярмаркалар ташкил этилиши ва уларда маҳсулотларнинг арзонлаштирилган нархларда сотилишини назорат қилиш вазифалари юкланди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz