Сурхондарёда чегарачилар учун янги хонадонлар калитлари топширилди

Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳарбий хизмат нуфузини юксалтириш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар шайлигини янада ошириш, ёшлар қалбида ватанпарварлик, халқнинг армия билан бирдамлик туйғусини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш давлатимиз белгилаб олган вазифаларнинг устувор йўналишига айланди.

Бугун шундай эътиборнинг амалий ифодаси сифатида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида ҳарбий хизматчилар учун навбатдаги кўп қаватли уй-жойлар ҳамда ҳарбий қисмнинг штаб биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Илхом Сапаров, ДХХ Чегара қўшинлари офицерлари, нуронийлар, истеьфодаги чегарачилар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Умумий қиймати 17,7 млрд сўм бўлган ушбу лойиҳа доирасида “Саодатбону Азиза Термиз” хусусий корхонаси томонидан 36 хонадонли кўп қаватли замонавий уй-жой янгидан қурилди ва штаб биноси қайта реконструкция қилинди. Шинам ва ёруғ хоналарда хизмат хоналари, кутубхона, аскарлар ётоқхонаси, ошхона, тренажор синфи, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик синфлари ва спорт майдончалари замонавий мебел ва тарғибот воситалари билан жиҳозланди.

– Ҳарбийлик соҳасида фаолият юритаётганимга беш йил бўлди. Бир йилдан буён ушбу ҳарбий қисмда ўз фаолиятимни давом эттирмоқдаман. Ёш оиламиз, турмуш ўртоғим ва бир нафар фарзандим билан янги йил арафасида янги хонадонли бўлганимиздан беҳад мамнунмиз. Қолаверса, ҳарбий қисм ва уй-жойимизнинг бир ҳудудда эканлиги биз ҳарбийлар учун ўз оилаларимизга ҳам кўпроқ вақт ажратишга имкон беради. Бизга берилаётган бу каби эътибордан Олий Бош Қўмондонимиз, мухтарам Президентимиздан миннатдормиз – дейди Фарғоналик ҳарбий, кичик сержант Азаматжон Суннатиллаев.

Тадбирда сўз олганлар сўнгги йилларда мамлакатимизда барча тармоқлар сингари ҳарбий соҳага ҳам эътибор кучайиб, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар-хизмат фаолияти билан шуғулланиши учун қулай шароит яратилаётганини эътироф этишди.

Барча замонавий шарт-шароитга эга бўлган хонадонда оиласи билан бахтиёр ҳаёт кечираётган юртнинг мард ўғлонлари Ватан тинчлиги йўлида садоқат билан хизмат қилади.

 

 

 

 

 

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.