Вилоят раҳбари Термиз шаҳри маҳаллаларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалаларини муҳокама қилди

Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз давлат университети биносида шаҳар ҳудудидаги маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасида олиб борилаётган ишларни танқидий муҳокама қилди.

Муҳокама йиғилишида Термиз шаҳар сектор раҳбарлари, соҳага масъул вилоят, шаҳар корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари, шаҳар ҳудудидаги маҳаллалар раислари ҳамда қурилиши тугалланмаган объектларнинг қурувчи ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди. Муҳокама аввалида вилоят телевидениеси томонидан тасвирга олинган шаҳар маҳаллаларидаги ҳолатлар акс этган видеолавҳа намойиш этилди.

Вилоят ҳокими маҳаллаларда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари мутлақо қониқарсиз эканлигини, масъуллар ўз вазифасига совуққонлик билан қараб келганлигини танқид қилди. Бу борадаги ишларни лозим даражада йўлга қўймаганлиги учун Термиз шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ойлик иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жаримага, ўз ҳудудида тозаликка етарли эътибор қаратмаган маҳалла раислари интизомий жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Ушбу ҳолатлар туманлардаги маҳаллаларда ҳам мавжуд эканлигини таъкидлаган вилоят раҳбари туман ҳокимларининг масалага масъул ўринбосарларини огоҳлантириб, ҳар бир ҳудуд ўрганилишини ва ўз вазифасини лозим даражада бажармаган раҳбарлар жавобгарликка тортилишини маълум қилди.

Шундан сўнг, Термиз шаҳрида қурилиши тугалланмаган объектлар масаласи қурувчилар ва масъуллар билан муҳокама қилинди. Бунда қурилиш ҳудудида пойдевор чуқурлари қазилиб, ташлаб қўйилган, ишлар бошланиб қурилиши давом эттирилмаган, фойдаланишга топшириш муддатлари ўтиб кетган объектларда қурилиш ишларининг тўхтаб қолиш сабаблари ўрганилди.

Жумладан, шаҳар ҳудудларидан бирида дастлабки лойиҳага киритилмаган, кейинчалик қўшимча лойиҳалаштирилиб, пойдевор чуқурлари қазилган ҳолда ташлаб қўйилган лойиҳани бекор қилиш, ер майдонини захирага қайтариш бўйича судга даъво аризаси киритиш, ушбу ер майдони захирага қайтарилгач болалар майдончаси ва чекка ҳудудида чиқиндилар тўплаш жойи ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Вилоят раҳбари шу каби бошқа лойиҳалар бўйича ҳам ўзининг эътирозларини билдириб, қонунчилик нормаларига тўғри келмайдиган, белгиланган талаблар бажарилмаган лойиҳалар ер майдонларини захирига қайтариш бўйича судга даъво аризаси киритиш, қайтарилган ер майдонларини аукцион савдоларига чиқариш бўйича чора-тадбирларни белгилаб берди.

Юқоридаги ҳолатларни ўз вақтида назоратга олмаганлиги ҳамда вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун масъулларга вилоят Қурилиш бошқармаси ва Термиз шаҳар қурилиш бўлими раҳбарларининг интизомий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш бўйича ваколатли идорага тақдимнома киритиш вазифаси юклатилди.

2 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.