Улуғбек Қосимов: "Соҳасини "торта олмаётган"лар ўрнига яхши натижаларга эришаётган, ғайрати бор ва ҳалол ёшлар келади"

Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов соҳалардаги мавжуд муаммолар, амалга оширилаётган ишлар, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ижроси, хусусан қишлоқ хўжалиги йўналишида белгилаб берилган топшириқлар ижросини ўрганиш мақсадида Қизириқ ва Жарқўрғон туманларига ташриф буюрди.

Дастлаб, Қизириқ тумани ғалла майдонида тумандаги “Surxon Cotton Tekstilе Cluster” МЧЖ каластери вакиллари ҳамда фермер хўжаликлар раҳбарлари иштирокида ташкил этилган учрашувда соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.

Йиғилишда тумандаги ғалла майдонларининг 316 гектарида белгиланган агротехник тадбирлари олиб борилмаганлиги натижасида ғалла униб чиқмагани танқид қилиниб, ўғитлашни назорат қилувчи масъуллар фаолиятини ўрганиб, тегишли тартибда чора кўриш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди. Шунингдек, 2 та оилавий пудратчилар билан тузилган шартномаларни бекор қилиш вазифаси ҳам юклатилди.  

Шундан сўнг, тумандаги “Surxon Cotton Tekstilе Cluster” МЧЖ кластерининг техник базаси ва ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар кўздан кечирди. Техникаларнинг мавсумга шайлиги ва имкониятлари тақдимот қилинди. Хорижий корхона таъсисчилигида ташкил этилган “SCT cluster Greenhouse” МЧЖнинг 2 гектар ер майдондаги замоновий иссиқхона фаолияти ҳамда паррандачилик фабрикасини ташкил этиш лойиҳаси жойида ўрганилди. Ушбу йўналишда ишларни жадаллаштириш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Кейинги манзилга боришдан аввал, туман аҳолисини суюлтирилган газ билан таъминлайдиган газ қуйиш шаҳобчаси фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Вилоят ҳокими аҳоли газ баллонларини тўлдиришда белгиланган вақт ва меъёрларга риоя қилиш бўйича назоратчиларга қатъий талаб қўйди. 

Навбатдаги семинар Жарқўрғон туманида бўлиб ўтди. Бу ерда ҳам қишлоқ хўжалиги соҳаси масъуллари, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлари муҳокама килинди.

Шунингдек, вилоят раҳбари Жарқўрғон туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиб, ушбу туманда ҳам ғалла майдонларининг 450 гектарида белгиланган агротехник тадбирлари олиб борилмаганлигини танқид қилди. Экин далаларида кузги шудгорлаш ишлари якунига етказилмаган, ғалла майдони тўлиқ дориланмаган ва бошқа шу каби кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирларнинг бажарилмагани натижасида туманнинг қишлоқ хўжалиги абгор аҳволга келиб қолган. Вилоят ҳокими санаб ўтилган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъуллар бириктириб, уларга аниқ вазифалар юклатди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.