Ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини жорий қилиш мақсадида Президентнинг “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Қарорга асосан Сурхондарё вилоятида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилаётган бўлиб, жорий йилнинг ўзида 3 минг 791 та аҳоли хонадонларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилган. Бундан ташқари барча ижтимоий соҳа объектларида, жумладан, тиббиёт, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида, шунингдек, сув чиқариш насос станцияларида қуёш панеллари ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Ушбу мақсад ва режаларни сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичлари ўрнатиш фаолияти билан шуғулланувчи 31 та тадбиркорлик субъектлари билан учрашув ўтказди. Тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқот давомида Президент қарори билан қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичлари ўрнатишда яратилган имкониятлар, берилган имтиёзлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Тадбиркорларнинг имкониятларидан келиб чиқиб, ижтимоий соҳа объектлари, сув чиқариш насос станцияларига қуёш панеллари ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, мутасаддиларга аҳоли ўртасида қуёш панеллари ўрнатиб, кўриладиган фойда, ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясининг давлат томонидан сотиб олиниши тартибларини тушунтириш ишларини кучайтириш топширилди.