Жарқўрғон туманига ташриф: Битта бўш бинода 3 та лойиҳа амалга оширилади

Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов белгиланган ҳафталик иш режасига асосан ҳудудларда иқтисодиётни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, янги лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига иш ўринлари яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Жарқўрғон туманида бўлди.

Дастлабки манзилда туманнинг “Янгиобод” маҳалласи ҳудудидаги бўш турган бинода (Собиқ Сурхон тола база) амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар билан танишилди. Мазкур бинода учта лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Жумладан, умумий қиймати 2,0 млн долларга тенг бўлган лойиҳа доирасида ун ва бошқа маҳсулотлар учун махсус қоп ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши белгиланган бўлиб, натижада 60 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Иккинчи лойиҳа бўйича ер ёнғоқ маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган завод фаолияти йўлга қўйиш мақсад қилинган бўлиб, унинг умумий қиймати 5,0 млн долларни ташкил этади ва 15 та доимий иш ўрни яратилади.

Шунингдек, ушбу бинонинг бир қисмида хусусий клиника фаолиятини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида аҳолига сифатли тиббиёт хизмат кўрсатилиши ва 30 та иш ўрни яратилишига эришилади. Умумий қиймати 4,5 млрд сўмни ташкил этадиган ушбу клиника ишга тушгач, аҳоли учун қатор қулайликлар яратилиши белгиланган.

Вилоят раҳбари ҳар бир лойиҳа билан батафсил танишиб, ўзини таклиф ва тавсияларини берди. Аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишда янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши ҳамда доимий иш ўринлари яратилиши муҳим эканлиги таъкидланиб, масъулларга ҳар бир лойиҳанинг сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.