Президент чегарачиларнинг хизмат ва яшаш шароитларини кўрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Сурхондарё вилоятидаги взводларидан бирига ташриф буюрди.

Маъмурий бинодаги шароитлар, чегарани қўриқлашда қўлланилаётган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўздан кечирилди. Давлат чегарасини қўриқлашда учувчисиз учиш аппаратларининг аҳамияти таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон - Афғонистон чегарасини қўриқлаш жараёни билан яқиндан танишди.

Мамлакатимизда қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш билан бирга ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялашга катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу взвод ёнида ҳам шинам хонадонлар барпо этилган.

Давлатимиз раҳбари шундай хонадонлардан бирида меҳмон бўлди. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашди.

- Ватанимиз ҳимоячиларининг ўз вазифаларини хотиржам бажариши, фарзандлар тарбияси сизларга боғлиқ. Турмуш ўртоқларингизга мададкор бўлиб, катта жасорат кўрсатаяпсиз. Сизлар ҳам Ватан ҳимоячисизлар, - деди Шавкат Мирзиёев ҳарбийларнинг рафиқаларига.

Ҳовлида ўйингоҳлар, спорт майдончалари, аёллар учун тикувчилик ва қандолатчилик хонаси ташкил қилинган. Болаларни мактаб ва боғчага элтиш учун автобус йўлга қўйилган.

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.