Президент топшириғи ижроси: Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманларида 20 минг гектар ер майдони фойдаланишга киритилади
Давлат раҳбарининг куни-кеча вилоятимизга қилган ташрифи давомида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, иш ўринлари яратиш, янги ер майдонларини фойдаланишга киритиш орқали маҳсулотлар етиштириш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш бўйича қатор топшириқлар белгилаб берилди.
Бугундан ушбу топшириқлар ижросига киришилди. Вилоят ҳокими Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманларида бўлиб, "Помир Сурхон Агро кластер" МЧЖнинг янги ер майдонларини ўзлаштириш, фойдаланишга киритиш бўйича амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳасини мутахассислар иштирокида кўриб чиқди. Лойиҳага кўра Қумқўрғон тумани “Сайхон” массивида 12,5 минг, Жарқўрғон тумани “Оқтепа” массивида 7,5 минг гектар асосан адирликлардан иборат ер майдонлари фойдаланишга киритилади. Ушбу ер майдонларини оқова суви билан таъминлаш учун энг яқин ҳудуд бўлган Жарқўрғон туманидаги “Оқтепа” сув омборидан қувурлар ётқизган ҳолда сув олиб келинади.
Вилоят раҳбари лойиҳани мутахассислар ва миришкор деҳқонлар билан муҳокама қилиб, уни ҳар томонлама маромига етказиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. 20 минг гектар янги экин майдонларининг фойдаланишга киритилиши янги иш ўринлари яратилишига ва вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг сезиларли ошишига хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, вилоят раҳбари “Оқтепа” сув омбори атрофидаги табиий имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда экотуризм масканлари, умумий овқатланиш ва дам олиш нуқталарини ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича масъулларга тегишли вазифаларни топширди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz