Термизда 100 нафар ёшлар иштирокида “Жасорат мактаби” лойиҳаси асосида йиғин бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 13 январь куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳудудларда профилактик ҳисобда турган ҳамда тарбияси оғир ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ўқитиш бўйича йиғинлар ўтказиш топшириғи берилган эди.

Шунга мувофиқ, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, Сурхондарё вилояти ҳарбий-маъмурий сектори, вилоят ИИБ, ДХХ, Ёшлар ишлари агентлиги ва иттифоқи билан ҳамкорликда жорий йилнинг 3-12 апрель кунлари Сурхондарё вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектори раҳбарининг тегишли баёнига асосан вилоятнинг турли ҳудудларидан 100 нафар ёшлар учун Термиз умумқўшин дала полигонида жойлашган ҳарбий қисмда “Жасорат мактаби” лойиҳаси асосида йиғин бошланди.

Соҳага қизиқиши юқори бўлган ёшларга ҳарбий либослар берилди. Тиббий кўрикдан ўтказилди. Ўзининг қизиқишига қараб касб-ҳунар бўйича гуруҳларга ажратилди ва ётоқхоналарга жойлаштирилди. Аскарлар ошхонасида овқатланиши учун озиқ-овқат таъминоти йўлга қўйилди.

Йиғиннинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Улуғбек Қосимов, Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлатжон Сативалдиев, Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармасидан подполковник Темур Убайдуллаев ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, фахрийлар ва ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тантанали тадбирдан сўнг меҳмонлар “Жасорат мактаби” ёшлари учун яратилган шарт-шароитлар, ҳарбий қисмдаги замонавий техника ва қурол-аслаҳалар ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда малакали кадрлар бўлиб етишишларига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган йиғин доирасида иштирокчиларга мотивацион тренинглар, касб-ҳунар сирлари, бизнес сабоқлари ва тадбиркорлик кўникмалари малакали мутахассислар томонидан ўргатилади.

Шу билан биргаликда, психологик машғулотлар, маънавий-маърифий тайёргарлик, саф, жанговар тайёргарлик ҳамда Термиз шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар амалга оширилади.

47 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.