Улуғбек Қосимов: “Ҳозирги замонавий тиббиётда оналар ва болалар ўлимининг қайд этилиши фавқулодда, кечириб бўлмас ҳолатдир”

Бугун Шеробод туманида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокамаси ўтказилди. Унда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг соҳага масъул ўринбосарлари, соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари иштирок этди.

Қайд этилдики, кейинги 6 йилда вилоятдаги тиббиёт муассасалари сони 581 тага, бирламчи тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалар 174 тага етказилди. Жорий йилнинг ўзида 62 та поликлиника ва оилавий шифокорлик пункти ҳамда 40 та маҳалла тиббий пунктлари янгитдан ташкил этилилиши белгиланган.

Шунга қарамай, соғлиқни сақлаш тизимида ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина. Хусусан, аҳоли ўртасида юқумли ва паразитар касалликлар ўсиб бораётгани, энг ачинарлиси, ўтган 3 ой давомида 5 нафар оналар ўлими, 116 нафар гўдаклар ўлими қайд этилгани муроса қилиб бўлмайдиган ҳолатдир.

Оналар ва болалар ўлими ҳолати вилоят раҳбари томонидан қаттиқ танқид қилинди ва ушбу ҳолатлар қайд этилган тиббиёт муассасаларида вилоят Ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш ўтказилиши, айбдорларга нисбатан қонуний жазо чоралари қўлланилиши ҳамда ўрганиш якунлари кенгайтирилган тарзда муҳокама қилиниши белгиланди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд муаммолар йўналишлар ва ҳудудлар кесимида ҳам танқидий-таҳлил қилинди. Оналар ва гўдаклар ўлимига фавқулодда ҳолат сифатида қараб, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, муассасалардаги шароитларни яхшилаш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича соҳа мутасаддилари ва ҳудудлар раҳбарларига тегишли вазифалар белгилаб берилди.

2 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.