Улуғбек Қосимов: “Бепарво мактаб директорлари билан қанчалик тез хайрлашсак, болаларимиз келажагини шунчалик ўйлаган бўламиз”

Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов бугун Қумқўрғон туманидаги 62-сонли умумтаълим мактаби биносида вилоятда ёшларга оид давлат сиёсатининг юритилиши ҳамда ижтимоий соҳа муассасаларида олиб борилаётган ишларни муҳокама қилди.

Кун тартибида ёшлар келажаги билан боғлиқ, мактабларда таълим сифати ва ўқувчиларга яратилган шароитлар, мактабгача таълим ташкилотларида болалар қамровини ошириш тадбирлари, “Ёшлар дафтари”нинг юритилиши, ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва спортни оммалаштириш, тиббиёт муассасаларида сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда кун тартибидаги ушбу масалалар бўйича вилоятда олиб борилаётган ишлар қониқарсиз ҳолатда эканлиги таъкидланди. Бир қатор мансабдорларга нисбатан ўз вазифасига совуққонлик билан қараб келганлиги, лавозим мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги учун тегишли жазо чоралари қўлланилди.

Жумладан, фаолиятида йўл қўйган хато ва камчиликлари сабабли Қумқўрғон тумани ҳокимининг ёшлар сиёсатига масъул ўринбосарига, шунингдек, туман марказий шифохонасида ичимлик суви таъминоти йўлга қўйилмаганлиги ва иситиш тизимидаги муаммолар бартараф этилмаганлиги сабабли Олтинсой туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарига “хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Шунингдек, муҳокама йиғилишида мактаб таълими сифати ҳам қаттиқ танқид қилиниб, бу борада вилоятнинг республикадаги рейтинги мутлақо қониқарсиз эканлиги қайд этилди. Туманлар кесимида таълим сифати рейтинги таҳлилига кўра, энг охирги ўринларни Шеробод (вилоятда 15-ўрин, Республикада 187-ўрин), Қумқўрғон (вилоятда 14-ўрин, Республикада 186-ўрин) ҳамда Бандихон (вилоятда 13-ўрин, Республикада 181-ўрин) туманлари эгаллаган. Бу эса ўз навбатида ушбу туманларда мактаб таълимига масъул раҳбарларнинг масъулиятсизлиги, ўз лавозим мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги натижасидир. Шу сабабли, масъулларга Шеробод, Қумқўрғон ва Бандихон туманлари халқ таълими бўлими мудирларини, шунингдек, Қумқўрғон туманидаги рейтинги кўрсаткичлари паст бўлган мактаб директорларини лавозимидан озод этиш масаласини кўриб чиқиш бўйича тавсиялар берилди.

Вилоят раҳбари кун тартибида ёшлар ҳаёти, умуман аҳоли турмуш тарзига дахлдор бўлган муҳим ижтимоий масалаларнинг ҳар бирини муҳокама қилар экан, бу ҳол бугун ўнгланмаса, ёшлар келажагига хиёнат бўлишини таъкидлаб, масъулларга аниқ муддатлар билан тегишли вазифаларни ҳамда чора-тадбирларни белгилаб берди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.