Сурхондарёда осойишта ҳаётимиз посбонлари шарафланди
Термиз шаҳридаги Санъат саройида бўлиб ўтган тантанали тадбирда Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини Сурхондарё вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Улуғбек Қосимов ўқиб эшиттирди.
Сўнгги йилларда қуролли кучларимиз тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тинч, обод ҳаётимизни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига ҳам жиддий аҳамият берилмоқда. Фақат сўнгги бир йилнинг ўзида 3 мингдан ортиқ ҳарбийлар уй-жой билан таъминланди, салкам 2 минг ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар берилди, 4 мингдан зиёд ҳарбийларнинг турмуш ўртоқлари касбга ўқитилиб, ишга жойлаштирилди, 1250 нафар ҳарбий пенсионернинг бандлиги таъминланди.
Навқирон авлодимизни бугунги ахборот маконида мавжуд таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларда ёт ва зарарли ғояларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги амалий ишлар самарадорлиги оширилди.
Табиийки, ушбу вазифаларни бажаришда “Халқ ва армия – бир тану бир жондир!” деган тамойилдан келиб чиқиб, ҳарбий-маъмурий секторлар ва кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда жойларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилгани мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиб, армия ва халқ бирлигини таъминлаш ва ҳудудий мудофаа масалаларини ечишда ҳал қилувчи орган вазифасини ўтамоқда.
Мамлакатимиз жанубидаги Сурхондарё вилоятида ҳам ҳарбий-маъмурий сектор ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, қўшинларнинг кундалик фаолиятини самарали ташкил этиш, ҳарбий хизматчилар ва улар оиласининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда ҳарбий шаҳарчалар, полигонлар инфратузилмасини ривожлантиришда ҳарбий тузилмалар командирларига яқиндан кўмаклашмоқда.
Тантанали тадбирда бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Қуролли Кучлар оркестр ва ансамбль жамоалари, санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт дастури барчага байрам кайфиятини улашди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz