Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг илк битирувчиларига сертификатлар топширилди

Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилда тиббиёт соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилоятида Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали ташкил этилди. Бу йил ушбу олийгоҳнинг илк, 294 нафар битирувчилари ўқишни тамомлаб, вилоятдаги тиббиёт муассасаларида фаолият олиб боришга ҳозирлик кўришмоқда.

Бугун Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали илк битирувчиларининг қасамёд қабул қилиш тадбири ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди. Вилоят раҳбари битирувчиларни тиббиёт олийгоҳини муваффақиятли тамомлаётганликлари билан табриклаб, улардан ўз қасамёдларига содиқ қолиб, инсонлар соғлигини асрашда фидойилик билан меҳнат қилишларини сўради. Ўз табрик сўзи якунида вилоят раҳбари битирувчиларни врач мақомини олаётганликлари билан самимий муборакбод этиб, халқимиз саломатлиги йўлидаги шарафли ишларида улкан зафарлар тилади.

Шундан сўнг, олийгоҳ битирувчиларига сертификатлар топширилди. Эндиликда 294 нафар ёш шифокорлар Сурхондарё вилоятидаги тиббиёт муассасаларида ўз фаолиятларини олиб боришади.

Маълумот учун, ҳозирда вилоятимизда 3,5 мингдан ортиқ малакали шифокорларга эҳтиёж мавжуд бўлиб, жорий ўқув йилида тиббиёт олийгоҳлари битираётган 423 нафар врачлар вилоятдаги тиббиёт муассасаларига ишга қабул қилинмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.