Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Энергетика секторини доимий субсидиялаб ривожлантириб бўлмайди

Электр энергияси нархи арзонлиги бўйича Ўзбекистон Ливия, Ангола, Судан, Қирғизистон, Зимбабве ва Тожикистондан сўнг дунёда 7-ўринни эгаллайди (Қирғизистон ва Тожикистонда электр энергиясининг асосий қисми ГЭСларда ишлаб чиқарилади, шу сабабли унинг нархи арзонроқ).

Мамлакатимизда электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент мавжуд. Уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт.соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Электр энергиясининг 1 кВт соатининг таннархини 800 сўм деб олсак, бир ойда ўртача 200 кВт соат электр энергияси ишлатадиган хонадон ойига 101 минг сўм, 400 кВт соат электр ишлатадиган хонадон эса 202 минг сўм миқдорида шартли субсидия олмоқда.

Мисол учун: бир пайтнинг ўзида 2-3 та кондиционер, биттадан ортиқ музлаткич, компьютер ва бошқа электр жиҳозларидан фойдаланувчи, яъни даромади ва тўлов қобилияти нисбатан юқори хонадонлар кўпроқ электр энергиясини сарф қиладилар. Амалдаги тарифлар асосан ушбу хонадонларга катта миқдордаги шартли субсидия берилишига олиб келмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, республиканинг йилдан йилга ошиб бораётган энерго ресурслар талабини барқарор ва тўлиқ таъминлаб бориш ҳамда соҳага хусусий инвестицияларнинг кириб келишини таъминлаш учун республика энергия ресурслари бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилиш зарур. Албатта ислоҳотларнинг ушбу ўтиш даврида аҳолининг кам таъминланган ва паст даромадли қатлами манфаатларидан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимоя чоралари ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан пенсия ва болалари учун нафақа олувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилади. Таъкидлаш жоизки, давлат томонидан энергия ресурслари нархларини “шартли субсидиялаш” амалиёти сақлаб қолинади. Бироқ, “шартли субсидиялар”ни тақсимлашда ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш мақсадида “ижтимоий норма” тизими бутун республика бўйича амалга киритилади.

Маълумот учун. Энергия истеъмол қилишнинг ижтимоий нормаси сифатида аҳоли томонидан имтиёзли тариф бўйича тўланадиган маълум миқдордаги энергия тушунилади. Яъни, муайян белгиланган миқдоргача нисбатан пастроқ (имтиёзли) нархда сотилади ва бу миқдордан ошиғи эркин бозор нархида сотилади.

Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар табиий газ ва электр энергия тарифларини ижтимоий адолат тамойиллари асосида белгилаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларимиз учун энергия таъминотининг узлуксизлиги ва кўламини кенгайтириш учун замин яратади.

 

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.