Сурхондарё вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат ва истиқболдаги режалар

Сурхондарё вилоятида аҳолига бирламчи тиббий хизматни янада яқинлаштириш ҳисобига уларга қулайлик яратиш мақсадида ўтган 2 йил давомида 26 та, жорий йилда 15 та оилавий поликлиника, оилавий шифокорлик пунктлари ишга туширилди.

Вилоятда юқори технологик жаррохлик амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилиб, биринчи бор буйрак кўчириш амалиёти бажарилди. Шунингдек, вилоят кардиология маркази ва Денов туман тиббиёт бирлашмасига “Ангиограф” аппаратининг келтирилиши ҳисобига шу даврга қадар вилоятда амалга оширилмаган юрак туғма нуқсони, юрак ишемик касаллигининг сурункали ва ўткир формаларини жаррохлик усулида даволаш, бош мия, буйрак ва катта қон томирларининг шикастланиши билан кечадиган касалликларни даволаш ҳамда юрак аритмияларига жаррохлик йўли билан “радиочастотали облация” ва “электрокардиостимулятор” ўрнатиш каби тиббий амалиётларни бажариш, организмнинг юрак-қон томир касалликлари диагностикаси учун ангиография усули тўлиқ йўлга қўйилди.

Кўп тармоқли тиббиёт марказида кардиохирургия амалиётини йўлга қўйиш мақсадида вилоят маҳаллий бюджетдан 2 млрд 580 млн сўм маблағ ажратилиб, “Сунъий қон айланиш аппарати” харид қилинди. Натижада юракда очиқ усулда 11 турдаги жаррохлик амалиётини ўтказиш имконияти яратилди.

Эндокринология диспансери 4,1 млрд сўмлик 23 турдаги тиббий аппаратура ва жиҳозлар билан таъминланди.

Онкологик беморларни гамма-нур терапияси билан даволаш мақсадида вилоятга гамма-нур терапия аппарати келтирилди ва ҳозирги кунда вилоятнинг ўзида йилига 1,5 мингдан ортиқ бемор даво муолажаларини олмоқда. Натижада беморларнинг Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятига сарсон бўлиб боришларига ҳожат қолмади. Бундан ташқари, онкологик касалликлар, жумладан, кўкрак бези саратонини эрта босқичда аниқлаш мақсадида “Мобил мамограф” аппарати келтирилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида 5 мингга яқин 45-65 ёшдаги аёллар скрининг текширувларидан ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 март куни Сурхондарё вилоятига ташрифида берилган топшириқларга асосан ҳудудларда қўшимча 44 та оилавий шифокорлик пунктлари ташкил этиш учун 26 млрд сўм, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ташкил этиладиган “Болалар кардиохирургия” бўлими ва “Она ва бола саломатлик маркази”ни жиҳозлаш учун 30 млрд сўм, инвестиция дастури доирасида қурилган ва реконструкция қилинган 12 та тиббиёт муассасасини жиҳозлаш учун 50 млрд сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, соғлом рақоботни шакллантириш мақсадида нодавлат тиббиёт муассасалари сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бугунги кунда Сурхондарёда 326 та хусусий тиббиёт муассасалари (87 та стационар, 239 та амбулатор) фаолият юритмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.