Тўра Боболов: “Ёшлар ҳаётига лоқайд раҳбар учун жазо қаттиқ бўлади”
Воҳада 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 500 мингга яқин йигит-қиз истиқомат қилмоқда. Уларнинг турмуши “маҳаллабай” асосида ўрганилиб, 420 мингдан ортиғи руйхатга олинди. Уларнинг муайян қисми “Ёшлар дафтар”ига киритилди.
– Давлатимиз раҳбари сизларнинг ўқишингиз, бандлигингизни таъминлаш ва муносиб даромад олишингиз учун қулай шароит яратишни барча даражадаги раҳбарлар учун яна бир марта муҳим вазифа сифатида белгилаб бердилар, – деди вилоят ҳокими. – Эндиликда бу ишларга мутасадди раҳбарларнинг масъулиятсизлиги асло кечирилмайди. Тегишли чора кўрилаверади. Ёшлар ҳаётига лоқайд раҳбар учун жазо қаттиқ бўлади. Бу ишларнинг ижросини таъминлаш учун ёшлар билан ишлайдиган муассасаларга янги имкониятлар берилди. Ёшлар учун энг катта имконият ва захирамиз бу – тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнес экани ҳам кўрсатиб ўтилди. Шунга мувофиқ ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш янада кенгайтирилиб, бандлигини таъминлашда янги механизм жорий этиладиган, қатор имтиёзлар белгиланадиган бўлди.
Шунга мувофиқ, 1 майдан бошлаб ёшларни ишга қабул қилган корхона ва компанияларга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилади. 1 июндан бошлаб, “Ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилади. Биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилади. “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга 1 майдан бошлаб давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади. Ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилади. “Ёшлар дафтари”га киритилган йигитлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаш йўлга қўйилади.
Шунингдек, 1 июндан бошлаб Ёшлар дафтари”га кирганларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиши харажатининг бир қисми қоплаб берилади. 1 июлдан бошлаб хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларни қайта тайёрлаш харажатининг 1 миллион сўмгача бўлган қисмига субсидия ажратилади.
Ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод этилади. Ер олган ёшлар агротехник тадбирларни бажариб, даромад ола бошлагунча фермер ва кластерлар амалий ёрдам кўрсатади. Бунда “Ёшлар дафтари”га кирганларга уруғлик ва кўчатлар хариди учун 2 миллион сўмгача субсидия берилади. Ижарада яшаётган талабалар ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади.
– Бунақа механизм, бундай имтиёзлар шу пайтгача бўлмаган, – деди Тўра Боболов. – Кекса авлод вакилларидан сўраб кўришингиз мумкин. Мустақилликдан олдин ҳам, кейин ҳам ёшларга бу каби имтиёзлар берилмаган. Мана, биз ҳам вилоятимиздаги олий таълим муассасаларида ўқиб, ижарада яшаётган беш мингдан ортиқ талабага ижара пулининг ярмини ҳокимлик ва олий таълим муассасалари ҳисобидан тўлаб берамиз. Ёшларимиз энди ушбу ғамхўрликларга муносиб ўқиши, меҳнат қилиши, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишда ўрнак бўлиши керак. Ахир, вилоятда 173 нафар ёшнинг такроран жиноят содир этганини қандай изоҳлаш мумкин? Қани бу жиноятлар юз берган жойдаги фаол ёшларнинг ўрни? Сизлар билан аввалги учрашувларимиздан бирида ўзингиз яшаётган сектор ҳудудида тенгдошларингиз дуч келаётган муаммоларни жамоатчилик асосида ўрганиб, бизга етказишингизни сўраган ва бу ишингиз учун зарур харажатни қоплаб беришга келишган эдик. Ҳаракатларингиз сезилди. Фақат бу ишни янада жонлантириш зарур. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишда сизларга суянамиз.
Учрашувда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, “Ёшлар дафтари”ига киритилган тенгдошлари билан самарали ишлаш ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш каби масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар тингланди. Жамоатчилик асосида секторлардаги муаммоларни аниқлашга кўмаклашаётган бир гуруҳ фаол йигит-қизларга пул мукофоти топширилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz