Сурхондарёда тадбиркорлар сони 30 фоизга ошади
Мурожаатда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган шароитлар ва улардан оқилона фойдаланиш, пандемия шароитида муаммоларга дуч келган хусусий сектор вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида берилган имтиёзлар ва айни пайтда соҳани янада юксалтириш борасида амалга оширилган ишларга эътибор қаратилди.
Вилоятда 42 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётган бўлса, шундан 23 минг 900 таси кичик бизнес субъектлари ва 18 минг 100 таси якка тартибдаги тадбиркорлардир. Уларнинг 36 фоизи сўнгги 3 йилда ташкил этилган. Вилоятда иш билан банд аҳолининг 74 фоизи ҳамда бюджет даромадларининг 84 фоизи айнан хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Мурожаатда таъкидландики, бундан тўрт йил муқаддам воҳада бизнес юритишда ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда муайян тўсқинлик мавжуд бўлиб, бу соҳани юксалтиришга ўз таъсирини ўтказаётган эди. Сўнгги йилларда барча тўсиқлар бартараф этилиб, тадбиркорларга кенг имконият яратилгани вилоятда бизнесни изчил ривожлантиришда муҳим омил бўлди. Мавжуд муаммоларга чек қўйиш учун 3 та янги институт, жумладан, Бизнес Омбудсман, Бош вазир қабулхоналари ва Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Шунингдек, ҳафтанинг ҳар душанба куни “Тадбиркорлар куни”, сифатида белгиланиб, улар билан очиқ мулоқот ташкил этиш йўлга қўйилди. Жорий йилнинг ўтган уч ойида вилоятда 22 марта “Тадбиркорлар куни” ўтказилиб, 343 нафар соҳа вакили қабул қилинди. Мурожаатларнинг 111 таси жойида ҳал этилиб, 40 тасига тегишли тушунтириш ва кўрсатмалар берилди.
Кейинги йилларда халқимиз фаровонлиги ва юртимиз ободлиги йўлида олиб борилаётган бундай улуғвор ишлар ўз самарасини бермоқда. Биргина мисол: Термиз туманида 25 йилдан ортиқ муддатда қурилиши тугалланмаган темир йўл шифохонаси биноси негизида “Зиф текстил” масъулияти чекланган жамияти тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини барпо этди. Ҳозир бу корхонада 800 дан ортиқ хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган корхонанинг йиллик товар айланмаси эса 45 миллиард сўмни ташкил этаётир. Ўтган йили корхона 1 миллион 156 минг долларлик тайёр тикувчилик маҳсулотларини экспорт қилди.
Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал суратлар билан юксалишида уларнинг молиявий қўллаб-қувватланаётгани ҳам аҳамиятли бўлмоқда. Хусусан, йилнинг ўтган даврида соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари 8 минг 304 лойиҳага 776 миллиард сўм кредит ажратди. Ёки 1 минг 182 кичик бизнес субъектига 668 миллиард, оилавий тадбиркорларнинг 7 минг 122 та лойиҳасига 195 миллиард сўм маблағ берилди.
Мамлакатимизда ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган тадбиркорларга ер ажратишнинг очиқ-ошкора, барча учун тенг шароит яратилган ҳолда электрон аукцион орқали амалга оширилаётгани ҳам ўз самарасини бермоқда. Масалан, ўтган йили воҳада 2 мингга яқин бўш ер майдони аукционга чиқарилиб, унинг 731 тасини тадбиркорлар сотиб олди. Шу йилнинг биринчи яна 379 та бўш ер майдони очиқ аукционга қўйилиб, унинг 220 таси сотилди. Йил якунигача яна 1 минг 341 та бўш ер майдонини аукционга чиқариш режалаштирилмоқда.
Мурожаатда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасида камчиликларга йўл қўйган ҳудудлар, фаолият юритмай турган корхоналарни тиклаш борасидаги ишларнинг талаб даражасида ташкил этилмагани ҳамда кредит маблағлари ажратиш билан боғлиқ масалалар ҳам рўй-рост таҳлил этилиб, жиддий танқид қилинди.
–Тадбиркорлар иқтисодиётимизнинг қон томирига айланди, – деди вилоят ҳокими. – Уларни молиявий қўллаб-қувватлашда тижорат банкларининг алоҳида ўрни бўлиши керак. Лекин, айрим банкларимиз тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳаларига ўз вақтида кредит маблағларини ажратмай, сансалорликка йўл қўяётган ҳлатлар ҳам бор. Шу йилнинг ўтган даврида иккита тижорат банкининг раҳбарини ишдан олдик. Агар бу йўналишда жиддий ўзгариш бўлмаса, сансалорликка йўл қўйган тижорат банки раҳбарларига нисбатан қатьий чоралар кўрилади.
Бюджет даромадларини кўпайтириш ва янги иш ўринларини яратишнинг энг муҳим йўналиши бу– янги корхоналарни ташкил этишдир. Шунга мувофиқ бу йил вилоятда қиймати 6,5 триллион сўмлик 699 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастур ишлаб чиқилган.
Мазкур корхоналарнинг ишга туширилиши вилоятда қўшимча 2,1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, бюджетга 160 миллиард сўм қўшимча маблағ тушириш имкониятини яратади. Ҳозиргача 250 миллиард сўмлик 115 та лойиҳа амалга оширилиб, 850 та янги иш ўрни барпо этилди. Келгуси чоракда 988 миллиард сўмлик 188 та лойиҳа амалга оширилиб, 2 минг 226 та янги иш ўрни ташкил этилади.
Сессияда вилоят раҳбари ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, кичик саноат зоналари барпо этиш, воҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш борасида белгилаб олинган ишлар тўғрисида ҳам атрофлича фикр юритди.
– Жорий йилда тадбиркорлик субъектлари сонини ўтган йилга нисбатан 30 фоизга оширамиз,–деди Т.Боболов.– Бунда тадбиркорлик субъектлари сонига эмас, сифати ва доимий ишлашига эътибор қаратамиз. Бунинг учун вилоятда барча имконият мавжуд. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб олган катта марраларни рўёбга чиқариш учун сизлар билан импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни кўпайтирамиз. Вилоятда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини яхши, ўрта ва “ёрдамга муҳтож” тоифага ажратиб, “ёрдамга муҳтож” тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали яхши тоифага ўтказиш чораларини кўрамиз. Бўш турган давлат мулки объектларини сотиш орқали мазкур объектлар негизида замонавий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этамиз. Фаолият юритмаётган 3 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тиклаш йўлларини излаймиз.
Мурожаат юзасидан маҳаллий кенгаш депутатлари сўзга чиқиб, тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг аҳоли бандлигини таъминлаш ва мамлакат ободлиги, халқимиз фаровонлигини оширишдаги аҳамияти ҳамда соҳа учун қўлланилаётган имтиёз ва преференциялар хусусида фикр юритди. Таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Сессияда Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов иштирок этди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz