Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сурхондарёда ёшларнинг муаммоларини вилоят ҳокимининг секторлардаги ишончли ёш вакиллари аниқламоқда

“Сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашуви” лойиҳаси доирасида ташкил этилган бу галги очиқ мулоқот тамомила янгича усулда ўтказилди. Унда вилоят ҳокимининг секторлардаги ишончли вакиллари аниқламаган масалалар муҳокама этилиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, очиқ мулоқотда кўтарилган масалаларни туманлардаги масъул раҳбарларнинг видеоселектор шаклида бевосита кузатиш имконияти ҳам яратилди.

Илгари хабар берганимиздек, вилоят раҳбари воҳадаги Ёшлар парламенти аъзолари ва фаол йигит-қизлар билан учрашиб, ҳудудлардаги мавжуд 60 та секторда жамоатчилик асосида фаолият юритган ҳолда маҳаллаларда “Ёшлар дафтар”ига киритилган тенгдошлари ва моддий ёрдамга муҳтож, кредит олиб, ўз бизнесини бошлаш, ишга жойлашиш каби масалаларда муамммога дуч келаётган ёшларни аниқлашга кўмаклашадиган ишончли вакилларини танлаб олган ҳамда уларнинг бу хизматини моддий рағбатлантириб боришга ваъда берган эди. Яқинда Тўра Боболов уларнинг жамаотчилик асосидаги фаолиятини муносиб баҳолаб, ҳар бирини бир миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирди. Бу сафарги очиқ мулоқотда ишончли вакиллар секторлар ҳудудида муаммога дуч келган тенгдошларини учрашувга олиб келди.

Президентимиз раислигида жорий йил 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди, деди Тўра Боболов. Бу топшириқларни сифатли бажариш ёшларимиз ҳаётини ўзгартиришда, уларнинг бандлик масаласини ҳал этишда муҳим ўрин тутади. Воҳада 56 мингга яқин йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган. Биз шу пайтгача ҳақиқий муҳтож ёшлар билан учрашаётганимизда яъни, моддий ёрдамга, кредит олишга, ишга жойлашишга, четга чиқиб меҳнат қилиш каби масалаларга эҳтиёж сезаётган ўғил-қизлар билан мулоқот қилаётганимизда бу ишимиздан кўнглимиз андак тўлмаётган эди. Унинг натижадорлигини ошириш учун вилоятдаги 60 та сектордан энг фаол, шижоаткор ёшларни танлаб олиб, ўз ҳудудидаги тенгдошларининг муаммоларини чуқур ўрганишни сўраганмиз. Бугунги учрашувимизда жойлардаги ишончли вакилимга айланган йигит-қизлар аниқлаган муаммоларни унга дуч келган ёшларнинг ўзидан тинглаймиз. Қонуний мурожаатларини ҳал этиб берамиз. Масалани муддатида ечмаган раҳбарларга қатьий чора кўрамиз.

Очиқ мулоқотда ёшлар ўз бизнесини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олиш, ер майдони ажратиш, ишга жойлашиш, ҳунармандчиликни йўлга қўйиш каби масалаларда ёрдам сўради. Жумладан, Жарқўрғон туманидаги Дам маҳалласида яшайдиган Шоҳруз Ўринов “Ёшлар дафтари”га киритилган. Отаси-ногирон. Онаси-уй бекаси. Синглиси олий таълим муассасасида тўлов-контракт асосида ўқийди.

Уйда бир ўзим меҳнат қилишим керак, дейди Ш. Ўринов. Лекин, ҳеч қаерда ишламаётган эдим. "Ёшлар дафтари"га киритилганимдан сўнг бандлигимни таъминлаш учун касб-ҳунарга ўқиб, сертификат олдим. Чорвачиликни йўлга қўйиш учун 33 миллион имтиёзли кредит сўрадим. Уни тижорат банки йиллик 14 фоиздан бермоқчи. Таъминотчилар билан гаплашсам молнинг тирик вазни учун 40 минг сўмдан пул сўрашди. Кредитимга икки ё учта қорамол беради. Бу билан мен кредитни қандай узаман. Молни қаердан арзонроқ нархда харид қилсам бўлади? Шу масалада ёрдамингиз керак.

-Сен хохлаган жойга пулни ўтказиб беролмаймиз, деди вилоят раҳбари. Агар Жарқўрғондаги таъминотчилар нархи сени қониқтирмаётган бўлса, бошқа ҳудудлардаги таъминотчиларнинг нархини ўрганиб, ёрдам қилишимиз мумкин. Фақат сен шу маблағдан тўғри фойдаланиб, ўзингни тиклаб олсанг, яхши яшасанг бўлди. Бизнинг мақсадимиз шу.

Вилоят ҳокими жойида мурожаатни ўрганиб, мутасаддиларга бир ҳафта муддатда уни ечиш вазифасини қўйди.Ижросини назорат қилиш муаммони аниқлаган вилоят ҳокимининг тумандаги ишончли вакилига топширилди.

Тенгдошларимиз дуч келаётган ҳақиқий муаммоларни аниқлаш учун бизга катта ишонч билдирилди, дейди вилоят ҳокимининг мазкур ҳудуддаги ишончли вакили Сарвар Очилов. Бугунги учрашувга мен фаолиятида муаммога дуч келган ўнга яқин тенгдошимни олиб келганман. Уларнинг ҳар бири билан вилоят ҳокими шахсан суҳбатлашиб, ёшлар ўртага ташлаган масалалар ечимини топиш йўлларини излаганидан жуда қувондим. Яқинда ҳоким бобо бизга бир миллион сўмдан пул мукофоти ҳам берган эдилар. Бу ишончни оқлаб, жойлардаги тенгдошларимнинг муаммолари билан шуғулланишда давом этаман. Аниқлаган муаммоларим ҳал этилмагунча, уларнинг назоратини олиб бораман. Ҳудудимдаги ёшларнинг ўз бизнесини йўлга қўйишига, турмуш даражасини ошириш ва муносиб ҳаёт кечиришига нафим тегса, бундан жуда мамнун бўламан.

 

чрашувда икки юзга яқин ёшларнинг таклиф, ғоя ва муаммолари тингланди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Вақт талаб этиладиган масалаларга аниқ муддат белгиланиб, ижросини қатьий назорат қилиш вилоят ҳокимининг секторлар ҳудудидаги ишончли вакилига топширилди.

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.