Онлайн қабул: Сурхондарёлик 1,5 минг нафар фуқаронинг мурожаати тингланди

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва қамровини ошириш, фуқароларнинг узоқ йўл босиб, сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудий студиялар орқали онлайн қабуллар ўтказиб келмоқда. Бугун ана шундай қабулларнинг навбатдагисида 1,5 минг воҳаликларнинг мурожаатлари тингланди.

Дастлаб, вилоят раҳбари қабулда иштирок этаётган воҳадошларимизни кириб келаётган янги 2024-йил билан табриклаб, ўтган бир йил давомида аҳоли мурожаатларини ҳал этиш, турмуш фаровонлигини ошириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан 1 млн 700 минг нафар аҳолига ичимлик суви етказиб берадиган ичимлик суви лойиҳасининг биринчи босқичи ишга туширилди, сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларга 1170 км сув тармоқлари ва 174 та иншоотлар қурилди, 1 474 км автомобил йўллари ва 14 та кўприклар таъмирланди, 824 км электр тармоғи тортилди ва 376 та трансформатор ўрнатилди. “Янги Ўзбекистон” массивларида 1 136 хонадонли 49 та ҳамда уй-жойга талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларда 2 247 та хонадонли 39 та уйлар фойдаланишга топширилди.

Жорий йил давомида сектор раҳбарлари томонидан 3 658 марта сайёр кабуллар ўтказилиб, 29 минг нафар фуқароларнинг 31 мингга яқин мурожаатлари тингланган ва аксарияти ижобий ҳал килинган. Кўрилган чора-тадбирлар ва мурожаатлар билан манзилли ишлаш натижасида вилоятимизда биринчи маротаба ўтган йилга нисбатан аҳоли мурожаатлари 27,3 мингтага камайган.

Термиз шаҳри ва туманлар студиялари орқали навбат билан фуқаролар мурожаатлари масъуллар, ҳудудлар раҳбарлари иштирокида тингланди. Айрим масалаларга қабул давомида ечим топилган бўлса, ижроси муддат ва қўшимча ўрганиш талаб қиладиган мурожаатлар масъулларга аниқ муддатлар билан йўналтирилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.