Кадастр ва бандлик бошқармалари фаолияти ўрганилди
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошқармалар фаолияти ва давлат хизматчиларининг самарадорлигини ўрганиш ишларини давлат кадастрлари палатаси ва кадастр агентлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаларида ўтказди.
Ўрганиш давомида бошқарма бошлиқлари томонидан йил давомида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалари юзасидан ахборотлар берилди. Кадастр соҳаси масъуллари билан ўтказилган суҳбат давомида ер майдонлари билан боғлиқ қонунчилик ижросини тўлиқ таъминлаш, ўзбошимчалик билан ер майдонларини ўзлаштириш ҳолатларига кескин муносабатда бўлиш, шунингдек, фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини қонунчилик талаблари асосида тўлиқ таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, вилоят раҳбари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ходимлари билан йил давомида амалга оширган ишларини муҳокама қилар экан, жорий йил давомида бандлик масаласида келиб тушган 42 мингта мурожаатдан 21 мингтаси ҳал этилганлиги, кўрсаткичлар пастлигига эътироз билдирди. Камбағалликни қисқартиришда иш билан таъминлаш асосий омил эканлиги таъкидланиб, бу борада масъуллар фаолияти қониқарсиз эканлиги қайд этилди.
Бошқармалар мутасаддиларига юклатилган вазифаларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш, бунда қатъий тартиб-интизомга риоя қилиш, аҳолини рози қилиш принципи асосида ишларни ташкил этиш ҳамда асосий масала этиб барча иш жараёнларини рақамлаштириш топшириғи берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz