Термизда Ватан ҳимоячилари куни байрами кенг нишонланди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни Сурхондарё вилоятида ҳам катта кўтаринкилик билан нишонланмоқда. 

Бугун байрам тантаналари Термиз шаҳридаги Хотира майдонига Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, офицер, сержант ва ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш, Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимизни ёд этиш тадбирлари билан бошланди.

Шундан сўнг, Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” мажмуасида тантанали тадбир ўтказилди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими – Ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Улуғбек Қосимов иштирок этиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш, улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳарбий хизматга ҳар томонлама етук, Ватанпарвар ёшларни жалб этиш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланди. Ҳарбий-маъмурий секторларнинг ташкил этилиши эса Армия ва халқ бирдамлигини таъминлашдаги асосий кўприк бўлди.

Хусусан, Ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилган 2018 йилдан буён вилоятимиз мудофаа тизими учун маҳаллий бюджетдан 299 млрд сўм маблағ ажратилиб, куч тузилмалари шароитларини яхшилаш ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилди. Ёки бўлмаса, сўнгги 7 йилда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларига 488 та ипотека уйлари топширилди.

Ўтган, 2023 йилнинг ўзида Жарқўрғон, Музработ ва Термиз туманида жойлашган Чегара қўшинлари бўлинмалари учун жами 114 та хизмат хонадонлари қуриб, фойдаланишга топширилди. Термиз туманидаги 20 та хизмат уйи капитал таъмирланди. Чегара взводларида 94 та тикувчилик, 41 та қандолатчилик цехлари ишга туширилиб, 135 нафар ҳарбий хизматчининг оила аъзоси иш билан таъминланди.

Термиз шаҳрида ҳарбий қурол-аслаҳалар, кутубхона, маънавият бўлимларини ўз ичига олган “Ватанпарварлар боғи”нинг очилиши ёшларимизни ҳарбий-Ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши таъкидланди.

Тантанали тадбирда Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда хизмат қилаётганларнинг бир гуруҳи вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Байрам тадбирлари Термиз шаҳридаги “Гранд Алмаз” тантаналар саройида, тўкин дастурхон атрофида давом этди. Қуролли Кучлар оркестр ва ансамбль жамоалари ва вилоят Маданият бошқармаси санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури осойишта юрт посбонларига байрам кайфиятини улашди.

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.