Қумқўрғон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, янги лойиҳаларни йўлга қўйиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда тармоқларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Қумқўрғон туманига ташриф буюрди.
Ташрифнинг дастлабки манзили “Нормат Ўразали” фермер хўжалиги ер майдони бўлди. Бу ерда вилоятимиз раҳбари очиқ майдонларни шудгорлаш, текислаш, ариқларни бетонлаш, дала четларига тут кўчатлари экиш ҳамда ғаллани баргидан озиқлантириш ишларининг бориши билан танишди. Белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди ва уларга келгусидаги вазифалар белгилаб берилди.
Кейинги манзилда аҳоли саломатлигини асраш борасида олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Туманнинг “Умид ниҳоллари” маҳалласида жойлашган 35-сонли оилавий поликлиникада патронаж ҳамширалар фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, фитобарлар ташкил этилиши ҳолати кўздан кечирилди. Ҳудудда касалликлар динамикаси ва касалликларни олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар тақдимот қилинди. Соҳа масъулларига “Сурхондарё тажрибаси”ни тадбиқ этган ҳолда ишларни ташкил этиш топширилди.
Ташриф давомида маҳалла “еттилиги” фаолиятига ҳам эътибор қаратилди. Хусасан, “Умид ниҳоллари” маҳалласи биносининг қурилишига старт берилиб, “еттилик”нинг фаолияти ва келгусидаги режалари тақдимот қилинди. Шунингдек, сектор раҳбарлари томонидан танлаб олинган 4 та қолоқ маҳаллада амалга ошириладиган ишлар юзасидан ахборот берилди. Вазифалар ижроси бир ойдан кейин қайта ўрганилиши белгиланди.
Шундан сўнг, туманнинг “Янги шаҳар” маҳалласида қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли уй-жойлар лойиҳаси тақдимот қилинди. Лойиҳа тақдимотида қатор тавсиялар берилди, хусусан, аҳолига қулай инфратузилма бўлишига эътибор қаратиш, уй-жойларнинг сифатлилигини таъминлаш, бунинг учун лойиҳани такомиллаштирган ҳолда унинг амалга оширилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатиш вазифаси қўйилди. Шу ернинг ўзида туманда жорий йилда хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, экспортни ошириш, йирик лойиҳаларни ишга тушириш юзасидан сектор раҳбарларининг келгусидаги режалари юзасидан тақдимот ўтказилди.
Вилоят раҳбари туманга ташрифи давомида “ИТ” маркази фаолияти, ёшларга яратилган шароитлар, дастурий маҳсулотлар экспортини ошириш режалари билан ҳам танишди. Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали хорижий тилларни ўқитиш юзасидан тақдимотлар қилинди. Талаб юқори бўлган хорижий тилларни ўргатишга урғу бериш вазифаси топширилди.
Ташриф сўнгида Агро технологиялар техникумида жойлашган туман Ахборот-кутубхона маркази фаолияти билан танишилди ҳамда китоб фонди кўздан кечирилди. Сурхондарё тажрибаси сифатида Ўзбекистонда биринчи бўлиб вилоятимизда амалга оширилаётган “Маънавият сектор”лари фаолиятини йўлга қўйишда кутубхоналар фаолияти муҳим рол ўйнаши, ёшларни китобхонликка жалб қилишда Ахборот-кутубхоналар фонди етарли ва замонавий адабиётлар билан таъминланган бўлиши лозимлиги қайд этилди.
Туман мутасаддиларига Ахборот-кутубхона фаолиятини тубдан такомиллаштириш, китоблар фондини тўлдириш ҳамда китобхонлар учун етарли шароитлар яратиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz