Маҳалла раислари ва фаоллари билан учрашув ўтказилди
Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилояти маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш кенгашининг ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди. Соҳада алоҳида махсус орган бўлмаганлиги маҳаллаларни ривожлантиришдаги эътиборни сусайтираётгани, маҳаллалар фаолияти устидан назорат ва мониторинг давлат органи зиммасига юклатилганлиги уларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мақомига зид бўлиб қолганлиги қайд этилди.
Ушбу масаланинг ечими сифатида Президентимизнинг Фармон ва қарори билан нодавлат нотижорат ташкилот сифатида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда унинг вилоят ва туманлардаги бўлинмалари ташкил этилди.
Уюшманинг асосий вазифалари – маҳалланинг халқ билан давлат ўртасидаги «кўприк» вазифасини амалга оширувчи халқчил тузилмага айланишини таъминлаш, ҳар бир фуқаро ўзи ва оиласининг келажаги, молиявий аҳволи ва фаровонлигини таъминлашда масъулиятни сезиши, боқимандаликка ўрганмаслик ҳиссини янада кучайтириш ишларини амалга ошириш, фуқароларнинг ўз уйи ва кўчасини озода сақлаш, миллий қадрият ва урф-одатларни ҳурмат қилиш, аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш чораларини кўришдан иборатдир.
Бундан ташқари, «Маҳалла баланси» ягона платформаси яратилади. Бундан буён, давлат органлари фақат ягона платформада юритиладиган ҳисоботларни сўрайди, бошқа ҳисоботларни сўраш тақиқланади. Яна бир муҳим янгилик – Инвестиция дастурларини шакллантиришда маҳалла «еттилиги» томонидан билдирилган таклифларни инобатга олиш амалиёти йўлга қўйилади.
Вилоят раҳбари янги тизим бўйича ишларни самарали ташкил этиш, маҳаллаларнинг чин маънода ўша ҳудуднинг ҳақиқий “эгаси”, муаммоларнинг манзилли ечимига кўмаклашувчи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқарувчи органига айлантириш лозимлигини таъкидлаб, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.
Якунда Кенгаш аъзоларининг маърузалари тингланиб, Уюшманинг таъсис конфренциясида Сурхондарё вилояти номидан иштирок этадиган делегатлар сайлаб олинди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz