Сурхондарёдаги маҳаллаларда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва омиллари ўрганилди
Мажлисда Термиз шаҳридаги студиядан Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари, вилоят кенгаши депутатлари, вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва соҳага масъул ички ишлар идоралари ходимлари, оммавий-ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Тошкент шаҳридаги студиядан сенаторлар, шаҳар, туманлардан халқ депутатлари шаҳар, туман кенгашлари қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш комиссияси аъзолари иштирок этди
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурхонов бошқариб борган мажлисда ўтган йили вилоятда олиб борилган тизимли ишлар содир этилган жиноятларнинг 95,3 фоизини фош этишга хизмат қилгани таъкидланди. Тергов органлари қидирувида бўлган 160 шахс ушланиб, 33 нафар бедарак йўқолганлар топилгани, ички ишлар органлари ташаббуси билан 978 жиноят аниқлангани қайд этилди.
Мажлисда Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Ф.Боқиевнинг “Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан Сурхондарё вилоятида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар тўғрисида”ги ҳамда қўмита аъзоси М.Қодирхонованинг “Сурхондарё вилоятида оилавий зўравонлик ва тазйиқларни ўрганиш якунлари тўғрисида”ги маърузалари тингланиб, муҳокама этилди.
Таъкидландики, ўтган йили вилоятда 3 минг 176 та жиноят қайд этилиб, бу кўрсаткич 100 минг кишига ўртача 120,3 тадан тўғри келган. Бу рақам Термиз шаҳрида 295.8, Термиз туманида 245,4 тадан тўғри келиб, мамлакатимиздаги энг салбий кўрсаткич деб қайд этилган.
Вилоят ҳудудларида жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасидаги фаолият ҳамда давлат, жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмагани учун ўтказилган профилактик тадбирлар кутилган самараларни бермай, мавжуд 721 маҳалланинг 142 тасида жиноятчилик ошган. Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилиши маҳалла фаоллари ва жамоатчилик эътиборидан четда қолгани сабабли ўта оғир жиноятлар содир этилган. Жумладан, 2020 йил қайд этилган қотиллик жиноятининг ҳар учинчиси ёки 11 таси, оғир тан жароҳати етказиш жиноятининг 26 таси ёки 48 фоизи оила-турмуш муносабатлари доирасида содир бўлган. 273 аёл жиноятга қўл урган. Шунингдек, олди олиниши мумкин бўлган 27 та қотиллик, 54 та оғир тан жароҳати етказиш, 9 та талончилик, 4 та босқинчилик, 144 та безорилик, 386 та ўғрилик, 463 та фирибгарлик жинояти содир бўлишига йўл қўйилган. Вилоятда умумий содир этилган жиноятларнинг ҳар ўн биринчиси аёллар иштирокида юз берган. Ўтган йили қайд этилган жами жиноятларнинг 840 таси ёки ҳар тўртинчиси айнан ёшлар томонидан содир этилган. Ёшлар содир этган жиноятларнинг 49,2 фоизи Термиз шаҳри, Денов, Қумқўрғон, Сариосиё ва Шеробод туманларига тўғри келган.
Жорий йилда вилоятда жиноятчиликни жиловлаш учун содир этилган жиноятларни давлат идораларининг ўзида ва “маҳаллабай”, “соҳабай” муҳокама этиш механизми жорий этилди. Маҳаллалардаги криминоген вазиятдан келиб чиқиб, “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифаларга ажратилмоқда. Жиноятчилик ошган маҳаллалар вилоят секторлари раҳбарлари ўртасида тақсимланиб, юз берган жиноятлар муҳокама этилмоқда, жиноятчиликнинг олдини олиш чоралари кўрилаётир. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш учун “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизим йўлга қўйилиб, натижадорлигини таъминлашга эътибор кучайтирилмоқда.
Мажлисда мазкур масалалар юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.Исмоилов, вилоят прокурори С.Турдиев, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари М.Қобулова ва бошқа мутасаддиларнинг ахборотлари ҳам тингланди.
Кўрилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Мажлисда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz