Улуғбек Қосимов: Энг ачинарлиси яширин иқтисодиёт сабаб ишчилар келгусида пенсияга чиқишлари учун зарур бўлган иш стажларидан маҳрум бўлмоқда!
Давлатимиз раҳбари ҳузурида жорий йил 16 январда ўтказилган 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, қурилиш соҳасида “Яширин иқтисодиёт”га қарши кураш масалалари юзасидан муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Сурхондарё вилояти ҳокими раҳбарлигида ўтказилган муҳокамада қурилиш соҳасидаги қатор дастурлар ижроси таҳлил қилинди. Вилоятда 2024 йилда “Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш” дастурига жами 153 та объект киритилган бўлиб, шундан, 109 та янгидан бошланувчи, 44 таси йилдан йилга ўтувчи лойиҳалар ҳисобланади. Мактаблар қуриш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш бўйича 58 та объектдан 15 тасининг лойиҳа-смета ҳужжатларларини ишлаб чиқиш охирига етказилмаган. Мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш объектларининг 8 тасида комлекс экспертиза ҳулосалари олинмаган.
Лойиҳаларни ишлаб чиқишни “шаблон” қилмасдан, ҳар бир ҳудуднинг ўз имкониятларидан келиб чиқиб, биринчи навбатда келгусида унинг самарадорлик кўрсаткичларини ҳисобга олиш лозимлиги қайд этилди.
Вилоят раҳбари қурилиш соҳасидаги “Яширин иқтисодиёт”нинг давлат ва жамият ривожига, аҳоли турмуш фаровонлигига салбий таъсирига ҳам тўхталиб ўтди.
- Доимий равишда тадбиркорларнинг солиқ ҳисоботларини тўғирлаш ёки “яширин иқтисодиёт”га барҳам бериш бўйича қатор ишлар олиб борилишига қарамасдан 2023 йил давомида 4 288 та ҳолатда 917,0 млрд сўм бюджетга солиқлар ҳисобланмасдан, беркитиб келингани аниқланган. Таҳлил натижаларига кўра фаолият кўрсатиб келаётган 1 794 та корхонадан 737 таси ёки 41 фоизи солиқ ҳисоботларида ишчилар сонини 1 нафар кўрсатиб келган. Ваҳоланки, ушбу корхоналар томонидан ўтган йилнинг ўзида 89,2 млрд сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Мазкур корхоналар ҳақиқатда ишлаётган ходимлар сонини солиқ ҳисоботларида кам кўрсатиб, уларга “конверт” усулида иш ҳақи бериш орқали бюджетга солиқ тўлашдан қочмоқда. Энг ачинарлиси, бу ҳолатлар ҳисоботда кўрсатилмаган ишчиларни келгусида пенсияга чиқишлари учун зарур бўлган иш стажларидан маҳрум қилмоқда – дея таъкидлади вилоят раҳбари.
Соҳада “яширин иқтисодиёт”га қарши қатъий кураш, корхоналарни соғломлаштириш, тадбиркорларга ҳалол фаолият юритиш ҳар томонлама фойдали эканлигини тушунтириш юзасидан мутасадди ташкилот ва органларга вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда умумий овқатланиш шаҳобчалари томонидан мижозларга харид чекларини бермаслик ҳолатлари аниқланаётганлиги таъкидланиб, солиқ органларига ресторан, кафе ва соҳадаги бошқа хизмат кўрсатувчи корхоналар билан манзилли ишлаб, тушунтириш ишларини олиб бориш, уларнинг қонуний фаолият юритишини таъминлаш вазифаси юкланди.
Шунингдек, йиғилишда “Ташаббусли бюджет” дастурининг 2023 йил 2-мавсуми ижроси ҳам таҳлил қилинди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари суст олиб борилаётган 47 та объектда ишларни жадаллаштириш, 6 та объектдаги харид ишларини якунига етказиш топширилди.
Муҳокама якунида вилоят раҳбари, Президентимизнинг дарё ўзанларидан норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилиш тўғрисидаги қарорига ҳам тўхталиб, Сурхондарё дарёси ўзанидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини зудликда тўхтатиш, бунинг устидан қатъий назорат ўрнатиш вазифасини қўйди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz