Шўрчи туманига ташриф: Ҳунармандчилик кўргазмаси, “Маънавият сектори” ва маҳалла “еттилиги” фаолияти, тиббиёт кластери ва мактаб қурилиши тақдимоти
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларга ташрифи дастурига мувофиқ бугун Шўрчи туманида бўлди. Дастлаб, тумандаги Жамоат саломатлиги техникумига борилди.
Техникумда тумандаги ҳунармандлар томонидан тайёрланаётган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўрганмаси билан танишилди. Туман маданият маркази ҳузуридаги "Булбулигўё" фольклор-этнографик халқ ансамбли ва бахшининг чиқишлари намойиш этилди. Вилоят раҳбари шу ернинг ўзида “Маънавият сектори” фаолияти билан ҳам танишиб, туман ҳокими ва мутасаддиларга тегишли вазифаларни белгилаб берди. Шунингдек, ёшларга хорижий тилларни ўргатиш курсларининг ташкил этилиши жараёнлари ҳам кўздан кечирилди.
Кейинги манзил “Шалдироқ” маҳалласи бўлди. Маҳалла “еттилиги” томонидан амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар юзасидан ахборот берилди. Вилоят раҳбари шу ерда фаоллар билан учрашиб, маҳалладаги мавжуд муаммоларни тинглади. Учрашувда масъулларга электр тармоқларини тортиш ҳамда ичимлик суви билан боғлиқ муаммони ҳал этиш вазифаси юкланди.
Туманнинг “Оқкамар” маҳалласидаги 1-сонли касб-ҳунар мактаби биносида тадбиркор томонидан “Тиббиёт кластери” лойиҳаси тақдимот қилинди. Умумий қиймати 20 млн доллар бўлган ушбу лойиҳа 1 000 ўринли тиббиёт йўналишидаги олий таълим маскани, 150 ўринли даволаниш ва диагностика марказига эга клиника, ётоқхона учун 50 ўринли “apart hotel” биноларидан иборат бўлиб, 500 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Вилоят раҳбари лойиҳа билан батафсил танишиб, масъулларга қонунчилик талабларига асосан “Тиббиёт кластери” лойиҳасини амалга ошириш учун ер майдони ёки бўш бинолар ажратиш масаласини ҳал этиш вазифасини топширди.
Шундан сўнг, туманда ички ариқларни бетонлаш, тиним даврида бўш ер майдонларини шудгорлаш ишларининг бориши билан ҳам танишилди. Ишларни тизимли йўлга қўйиш, ғалла парваришини сифатли амалга ошириш, маҳаллий ўғитлар чиқарилишини тўлиқ таъминлаш лозимлиги таъкидланди.
Ташрифнинг кейинги манзили “Бахштепа 1” маҳалласи бўлди. Дастлаб, ҳудудда янги мактаб қуриш учун танланган жой билан танишилди. Янги мактаб қуриладиган ҳудуд ва маҳалладаги мавжуд 51-сонли мактабга борувчи йўлларни асфальтлаш бўйича топшириқлар берилди. Маҳаллага ташриф давомида вилоят раҳбари 51-сонли мактаб ҳолати ва яратилган шароитлар билан ҳам танишди.
Мактаб биносида шаҳар ва туманлардан оғир ҳудуд сифатида танлаб олинган маҳаллаларга бириктирилган вилоят ва туман ташкилотлари раҳбарлари ҳамда мутасаддилар иштирокида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Аҳоли фаровонлиги ва фуқароларимизнинг давлатдан розилигини таъминлаш учун ушбу маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш ишларини сифатли амалга ошириш, бунда ҳар бир раҳбар ишларни виждонан бажариши лозимлиги таъкидланди.
Шу билан вилоят ҳокимининг Шўрчи туманига ташрифи якунланди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz