Япония делегацияси Сурхондарёда
Ўтган йилнинг декабрь ойида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегациямизнинг Японияга ташрифи давомида қатор лойиҳалар ҳамда ўзаро яқин алоқаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилганди.
Мазкур келишувларга кўра Япония консуллиги, савдо, туризм ва қишлоқ хўжалиги йўналишида фаолият юритувчи компаниялар вакиллари ҳамда инвесторлардан иборат делегация бугун Термиз шаҳрига етиб келди. Делегацияни вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда бошқа мутасаддилар кутиб олишди.
Меҳмонлар дастлаб, Термиз туманида жойлашган “Termez National Carpets” МЧЖнинг гилам маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасига ташриф буюришди. Ишлаб чиқариш жараёнлари ва тайёр гиламлар билан танишган япониялик меҳмонлар соҳани ривожлантириш учун инвестиция киритиш бўйича қизиқишлар билдиришди. Умумий қиймати 236 млрд сўм бўлган мазкур корхона томонидан йилига 4,5 млн квадрат метр гилам ишлаб чиқарилаётган бўлиб, маҳсулотларнинг 55 фоизи ички бозорга, 45 фоизи экспортга йўналтирилади.
Шундан сўнг делегация аъзолари Япон олимлари ва сайёҳлари диққат марказида бўлиб келаётган, Кушон подшоҳлиги ҳукмронлиги даврида бунёд этилиб, Ўрта Осиё ҳудудидаги энг қадимги Буддавийлик мажмуалари бўлган "Фаёзтепа" ва "Қоратепа"га ташриф буюрдилар.
Буддавийлик динининг илк ўчоқларидан ҳисобланган мазкур жойларга ушбу динга сиғинадиган давлатларда, хусусан, Японияда катта қизиқиш билан қаралади. Милоддан аввалги III асрларда Ҳиндистон ҳудудидан Ўрта Осиёга, хусусан, замонавий Сурхондарё вилоятига кириб келган Буддавийлик, фалсафий таълимотдан "давлат дини" даражасига қадар ривожланиши ушбу тарихий ёдгорликлар, ўз даврида Буддавийликнинг узоқ Шарққа кенг тарқалишига жуда ҳам муҳим ўринни эгаллайди.
Ташриф давомида делегацияси аъзоларида “Фаёзтепа” ва “Қоратепа” мажмуалари катта тассурот уйғотгани таъкидланди.
Вилоятимиз делегациясининг Японияга ташрифида эришилган соғлиқни сақлаш йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш мақсадида Термиз шаҳридаги “Машҳура” тиббий диагностика маркази кўздан кечирилди. Сурхондарёда тиббиёт йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар, соҳанинг истиқболлари юзасидан маълумотлар берилди.
Шундан сўнг, Япония делегацияси “Термиз халқаро савдо маркази”да бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган лойиҳалар, логистика ва тиббиёт марказлари, афғонистонликлар ҳамда бошқа хорижликлар учун жорий қилинган визасиз режим имкониятлари ҳамда комплекснинг иқтисодий салоҳияти билан танишишди. Япония Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган Афғонистон орқали Покистоннинг Карачи портига чиқиш, шу орқали дунё давлатлари билан денгиз йўли алоқаларни йўлга қўйиш лойиҳасига катта қизиқиш билдираётганлиги қайд этилди.
Меҳмонлар Термиз шаҳридаги “Дреам Силк Текстил” МЧЖнинг жундан тўқилган гиламлар ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам танишишди. Қўл меҳнати Японияда жуда қадрланиши, жундан тўқилган гиламларнинг шифобахшлиги эътиборга олиниб, келгусида маҳсулотларнинг Японияда сотувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Делегация аъзолари Термиз археология музейида бўлишиб, бу ерда сақланаётган Ўрта Осиёга оид тарихий экспонатлар ҳамда “Фаёзтепа” ва “Қоратепа” мажмуаларидан келтирилган топилмалар билан танишишди.
Япония делегацияси воҳамизнинг ҳаво иқлими ва тупроқ унумдорлигини эътиборга олиб, 5 минг гектар майдонда киви етиштириш лойиҳасини амалга ошириш таклифи билан чиқишган. Бугун ушбу лойиҳага старт берилиб, киви кўчатлари экилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz