Япония делегациясининг иккинчи гуруҳи Сурхондарёга ташриф буюрди
Бугун Ўзбекистон-Япония халқаро иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар парваришига оид хизматлар кўрсатиш, туризм, ўқув марказлари ташкил этиш, меҳмонхона хизматлари йўналишидаги Япония компаниялари вакилларидан иборат делегация Термизга ташриф буюрди. Куни-кеча Япониянинг биринчи делегацияси каби бугунги гуруҳ ҳам вилоятимиздаги қатор ишлаб чиқариш, хизматлар ва логистика марказлари ҳамда тарихий ва диққатга сазовор жойлар билан танишишди.
Куннинг биринчи ярмида меҳмонлар “Термиз халқаро савдо маркази” фаолияти билан танишишди. Шунингдек, қўшни Афғонистон давлати билан амалга оширилаётган савдо-иқтисодий алоқалар, транспорт ва логистика йўналишларидаги лойиҳаларнинг бориши ҳақида ахборотлар олишди. Шундан сўнг, Термиз туманидаги “Termez National Carpets” МЧЖнинг гилам ишлаб чиқариш корхонасида бўлиниб, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда тайёр гилам маҳсулотларини кўздан кечиришди.
Японлар тарихий жойлар, жумладан, “Султон Саодат” мажмуаси билан ҳам танишишди. Термиз шаҳридаги Сурхондарё тарихи ва маданияти музейи, у ерда сақланаётган экспонатлар ҳамда қадимги буддизм масканларидан келтирилган топилмалар японларда катта қизиқиш уйғотди.
Куннинг иккинчи ярмида япон компаниялари вакиллари ҳамда вилоятимиз тадбиркорлари иштирокида Сурхондарё-Япония бизнес форуми ўтказилди. Унда Сурхондарёнинг инвестиция ва туризм салоҳияти ҳақида модераторлар ҳамда мутасаддилар томонидан ахборотлар берилди. Икки томон расмийлари сўзга чиқишиб, ҳамкорликнинг янги истиқболлари, келгусидаги режалар, амалга оширилиши мақсад қилинган лойиҳаларга тўхталишди.
– Ўзбеклар ва биз японларнинг ўхшаш жиҳатларимиз кўп. Одамларингизнинг мақсад сари собит бориши, меҳнатсеварлиги, юртингизда инвестициялар киритиш учун катта салоҳият мавжудлиги бизни Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга оширишга ундамоқда – дейди форумда сўзга чиққан “Fujiec” компанияси бош директори Окуда Такефуми.
Форум доирасида ўтказилган “B2B” ва “B2G” учрашувларида туризм, меҳмонхона, қариялар ва ногиронларни парваришлашга оид хизматлар, ўзаро мутахассисларни алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Якунда томонлар 3 та лойиҳани амалга ошириш бўйича шартномаларни имзолашди.
Ташриф якунида Япония делегацияси учун маданий тадбир ўтказилди. Унда воҳага хос миллий чолғулар, фолклор жамоаларнинг чиқишлари ҳамда Сурхонча рақслар намойиш этилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz