Суд ҳокимияти органлари фаолияти рақамлаштирилади
Бу борада сўнгги вақтларда бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги ПҚ-3250-сон қарори билан тасдиқланган 2017 - 2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди.
Мазкур ижобий ўзгаришлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг нафақат вақт ва маблағларини тежаш, балки уларнинг даъвоси бўйича ишларни тезкорлик билан кўриб чиқилиши ва ижрога қаратилишига имконини берди.
Ушбу жараёнларнинг узвийлигини таъминлаш, суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш мақсадида 2020 йил 3 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4818-сон-сонли Қарори қабул қилинди.
Унга мувофиқ суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш доирасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турлари кенгайтирилади, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилиши таъминланади, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилади.
Шунингдек, судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинуви кенгайтирилади (28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимлари Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич уланади).
Натижада, муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олинади.
Судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан таниша олади, шунингдек, судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш имкони бўлади.
Олий суд ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги мавжуд маълумотлар судларнинг электрон сўрови бўйича бепул асосда тақдим этилади.
Яратилаётган қулайликлардан яна бири бу - суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтирилади, иштирокчилар суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилинади ҳамда тарафлар суд қарорларини онлайн тарзда олиш имконияти яратилади.
Албатта, рақамлаштириш фақатгина кўрсатиладиган хизматларни кўпайтириш ва аҳолига қулайликлар яратиш билан чекланмайди, қарор билан тасдиқланган дастурга асосан судларнинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлиги таъминланади, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чоралар кучайтирилади.
2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш белгиланди.
Судьялар ҳамда судлар аппарати ходимларининг саводхонлигини ва малакасини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитиш учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари бириктирилади. Бу замонавий ахборот-технологияларидан хато-камчиликларсиз фойдаланишга, қисқа муддатда янги интерактив хизматларни кўрсатишга замин яратади.
Хулоса ўрнида такидлаш лозимки, мазкур қарор судлар фаолиятида очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, эл-юрт равнақи, халқнинг розилиги ва албатта адолатни таъминлаш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси Тўра Алимардонов
Сариосиё туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси Мафтуна Гадоева
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz