Улуғбек Қосимов: “Беморларга бепул берилиши лозим бўлган дориларнинг манзилига етиб бормаслиги сабаб одамларимиз тиббиётдан норози”

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Қизириқ туманига ташриф буюриб, тиббиёт, маданият, маънавият, маҳалла ва умумтаълим мактабида бўлди. Аҳоли саломатлигини таъминлаш, маданий соҳадаги ишлар, “Маънавият сектори”нинг ташкил этилиши, маҳалла “еттилиги” фаолияти ҳамда мактабларда таълим-тарбия жараёнларининг бориши билан танишилди. 

Дастлабки манзилда вилоят раҳбари “Меҳнатобод” оилавий поликлиникасида патронаж хизмати фаолияти билан танишди. Аниқланган касалликлар динамикаси ҳамда тиббий кўрикдан ўтказилиб, ҳисобга олинган беморлар рўйхати билан танишган вилоят раҳбари тизимда ишларнинг қониқарсизлиги, аниқланган касалликлар билан беморларнинг даволаниш кўрсаткичлари турлича эканлигини танқид қилди. Шунингдек, аҳолига бепул берилиши керак бўлган дори-дармонларнинг етказилиши тизимли эмаслигига тўхталди.

– Минг афсуски тиббиёт соҳасида шундай ҳолатлар борки, аҳолимизнинг ҳақли эътирозларига, уларнинг тизимдан норозилигига сабаб бўлмоқда. Касаллиги сабабли рўйхатда турадиган, бепул дори-дармонлар билан таъминланиши керак бўлган беморлар ҳатто ўзларига дорилар ажратилаётганлигини ҳам билмасдан қолмоқда. Ачинарлиси, бунга масъул бўлганлар эса талабни ҳисобни олмай, ҳар ойда турли хил дориларга буюртма бериб келган – дея таъкидлади тизимдаги ҳолатлардан қаттиқ норозилик билдирган вилоят раҳбари.

Дори-дармонларни буюртма беришдан токи беморга етиб боришигача бўлган тизимни тўлиқ ислоҳ қилиш, камчиликларни бартараф этиш, бунда фуқароларга берилиши керак бўлган дориларни етказиб бермаганларга нисбатан қонуний чоралар кўриш юзасидан вазифалар белгилаб берилди. Патронаж хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида планшет ва тиббий-асбоб ускуналар жамланган тиббиёт сумкалари топширилди.

Шундан сўнг, “Меҳнатобод” маданият марказида ташкил этилган “Маънавият сектори” фаолияти билан танишилди. Амалга оширилган ишлар кўздан кечирилиб, шу ернинг ўзида вилоятдаги олий таълим муассасалари ректорлари билан сектор фаолиятини тизимли йўлга қўйиш ва унинг асосий вазифалари хусусида фикр алмашилди. Масъулларга бир ҳафта муддатда ушбу йўналишда кенгайтирилган семинар ташкил этиш ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг вазифаларини кўрсатиб ўтиш вазифаси топширилди.

Кейинги манзил, “Қорасув” маҳалласи бўлди. Маҳалла идорасида туман сектор раҳбарлари оғир ҳудуд тоифаси сифатида танлаб олинган бешта маҳаллада амалга оширилаётган ишлар, инфратузилмани яхшилаш бўйича келгусидаги режалар юзасидан ахборот берди. Шундан сўнг вилоят раҳбари маҳалла “еттилиги” фаолияти билан танишди. Уларнинг ҳисоботларини тинглади.

Вилоят ҳокими тумандаги 18-сонли мактабда ҳам бўлиб, ҳарбий-Ватанпарварлик тадбирларида иштирок этди. Мактабда шаҳар ва туманларнинг таълим соҳасига масъул бўлим бошлиқлари ҳамда мутасаддилари ўзлаштириши паст ўқувчилар билан ишлаш ва “Маънавият сектори”ни ташкил этиш юзасидан тақдимот қилишди. Вилоят ҳокими тақдимотдан кейин мактабнинг ўзлаштириши орқада қолаётган ўқувчилари ҳамда уларнинг ўқитувчилари билан суҳбатлашди. Болаларни дарсларга қизиқтириш, хорижий тил ва касб-ҳунар ўргатиш бўйича ёш ўқитувчиларнинг таклифлари тингланди.

Ўқувчилар вилоят раҳбаридан мактабда таниқли спортчилар билан учрашувларни ташкил этишда амалий ёрдам сўрашди. Жорий йил 29-феврал куни таниқли боксчимиз Баҳодир Жалолов билан учрашув ташкил этилишига келишиб олинди. Мактаб учун китоблар жамланмаси, спорт анжомлари топширилди.

Туманга ташриф якунида ички ариқларни бетонлаш, далаларни шудгорлаш, тиним даврида маҳаллий ўғитларни чиқариш, ғалла парвариши борасида олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишилиб, туман мутасаддиларига тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.