Бандихон туманида 150 иш ўрнига эга корхона ишга туширилди
Ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ва янги лойиҳалар билан танишиш, ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Бандихон туманига ташриф буюрди.
Ташриф аввалида туманнинг “Чинор” маҳалласи ҳудудида “Бандихон агрокластер” МЧЖнинг умумий қиймати 26 млрд сўм бўлган, жами 150 та иш ўрни яратилган, пахтани дастлабки қайта ишлаб, тола олиш корхонаси ишга туширилди. Вилоят раҳбари туман мутасаддилари ҳамда лойиҳа ташаббускорлари билан корхона фаолияти, пахтани қайта ишлаш жараёнлари, ўрнатилган ускуналар билан танишди.
Ушбу корхона МЧЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг бир қисми бўлиб, яна 450 та иш ўрни яратиладиган пахта ва сунъий толадан ип-калава ишлаб чиқариш ҳамда тикувчилик корхоналари қурилиши ҳам давом эттирилмоқда. Мазкур лойиҳалар қурилишини ҳам қисқа муддатларда якунлаш ва қўшимча иш ўринлари яратиш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, шу ернинг ўзида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда экспорт кўрсаткичларини ошириш бўйича туман мутасаддилари келгусидаги режалари ва лойиҳаларни тақдимот қилишди. Вилоят ҳокими тадбиркорликни ривожлантириш, туманнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш орқали аҳоли фаровонлигини яхшилаш бўйича тавсиялар берди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари “Обод турмуш шифо клиникаси” МЧЖ томонидан 5 млрд сўмлик лойиҳа эвазига бунёд этилаётган хусусий клиника қурилиши билан танишди. Хусусий клиникада 35 та иш ўрни яратиш, кунлик 200 нафар беморга хизмат кўрсатиш ҳамда 25 та стационар даволаниш ўринларини ташкил этиш лойиҳаланган. Клиника ишга тушгач физиотерапия, ЭКГ, УЗД, стоматология, ЛОР, гинекология, неврология, терапия ва биолаборатория каби хизмат турлари ташкил этилади ҳамда беморларга ташхис қўйиш ва даволаш имкониятлари яратилади.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz