“Наврўз” умумхалқ байрамини кўтаринки кайфиятда ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” мажмуасида бўлиб, “Наврўз” умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш бўйича масъуллар билан амалга ошириладиган чора-тадбирларни муҳокама қилди. Бу йил байрам сайлларида ўтовларнинг ихчам ва кўркам кўринишда бўлиши, аввало жамоат тартиби ва хавфсизлигига эътибор қаратилиши лозимлиги, бунда шаҳар ва туманлар ҳамда бошқармалар повильонлари жойлашувини пухта ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Умумхалқ байрамида миллийликка эътибор қаратган ҳолда, воҳанинг ўзига хос урф-одат ва анъаналарини кўрсатиш лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, сайлларга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий туристларга қулай шарт-шароитлар яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. “Санъат саройи” атрофида қурилган санитария шахобчалари (биоҳожатхоналар)нинг ишлатилмай, ёпиб қўйилганлиги танқид қилинди.

Йўллар ва йўлаклар, хусусан пиёдалар йўлаклари кўздан кечирилди. Шаҳар туғруқ комплекси олдида ободонлаштирилмаган майдонлар борлиги, ичимлик суви қувури таъмирланмасдан сувнинг исроф бўлишига йўл қўйган масъуллар фаолияти танқид қилинди. Мажмуага борувчи йўллар бўйлаб ободонлаштириш ишларини олиб бориш, манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиш вазифаси топширилди.

Шундан сўнг, ҳудуд бўйлаб юрилиб, Алишер Навоий кўчасидаги автомобиль йўли қурилиши кўздан кечирилди. Ишларни қисқа муддатда сифатли қилиб якунлаш вазифаси юкланди. Шунингдек, кунлик ишларга чиқувчи фуқаролар билан суҳбат қилинди. Масъулларга ишчилар учун шароит яратиш, даромадли ва доимий ишларга жойлаштириш чорасини кўриш топшириғи берилди

Ўрганиш шаҳар Мудофаа ишлари бўлимининг янги биносини қуриш учун ажратилган ер майдонида давом этди. Ишлаб чиқилган лойиҳани такомиллаштириш, қурилиш ишларини қисқа муддатда бошлаш лозимлиги қайд этилди.

Вилоят раҳбари қурилиши якуний босқичда олиб борилаётган, 300 ўринли “Тиббиёт кластери”да ҳам бўлди. Лойиҳа қурилишини сифатли якунлаш, комплексга энг малакали, соҳадаги илғор тажрибага эга шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларини танлов асосида ишга жалб қилиш, топшириқлар ижроси юзасидан ахборот киритиш вазифаси топширилди.

Шаҳар бўйлаб ўрганиш ишлари сўнгида Фаровон массивидаги “Боғи шамол” маҳалласида инфратузилмани яхшилаш, ободонлаштириш ишларининг бориши кўздан кечирилди. Маҳалла оғир ҳудуд сифатида танлаб олинган ва дастур асосида ишлар олиб борилаётган бўлиб, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш, “Наврўз” байрамигача якунлаш вазифаси қўйилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.