Жарқўрғон туманида янги ерларни ўзлаштириш ишлари ва лойиҳалар тақдимоти билан танишилди ҳамда янги корхона қурилишига старт берилди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Жарқўрғон туманига ташриф буюриб, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янги лойиҳалар тақдимоти ҳамда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Хусусан, ташрифнинг дастлабки манзилида “Оқтепа” сув омборидан суғориш тармоғини қуриш орқали Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманларида умумий 20 минг гектар майдонни ўзлаштириш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Ҳозирги кунга қадар 8,2 км суғориш тармоғи тортилган бўлиб, ишлар давом эттирилмоқда. Картошкачиликни ривожлантириш мақсадида йўлга қўйилаётган лойиҳани босқичма-босқич ишга тушириш лозимлиги қайд этилди.

Шундан сўнг, ихчам, энергиятежамкор, ёқилғисиз иситиладиган иссиқхоналар қуриш бўйича семинар ўтказилди. Семинар доирасида Узун туманида “Астана-2” ва “Файзова” каналларини реконструкция қилиш, музлатгичли омборхона ташкил этиш, мева-сабзавот етиштириш, иссиқхона, гулчилик, кўчатчилик, лимончилик, чорвачилик ва балиқчилик бўйича янги лойиҳалар тақдимот қилинди. Лойиҳалар юзасидан тегишли тавсиялар берилди ва истиқболлиларини танлаб олиб, амалга ошириш вазифаси юкланди.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан вилоятдаги оғир ҳудуд тоифасидаги маҳаллаларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, янги лойиҳаларни ишга тушириш, иш ўринлари яратиш ва камбағалликка қарши кураш борасида амалга ошириладиган ишлар тақдимоти ўтказилди. Маҳаллаларнинг мавжуд имконият ва драйвер соҳаларидан келиб чиқиб, индивидуал дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда шунга асосан ишларни ташкил этиш топширилди.

Кейинги манзилда бўш турган объект негизида “Сурхондарё тракторбор” МЧЖнинг қишлоқ хўжалигида хизмат кўрсатишга мўлжалланган техникалар етказиб бериш маркази қурилишига старт берилди. Умумий қиймати 17 млрд сўм бўлган лойиҳа ишга туширилиши натижасида 40 та янги иш ўрни яратилади, йилига 30 турдаги 700-800 та техника ва агрегатлар сотуви йўлга қўйилади.

Шу ернинг ўзида ташаббускорлар томонидан мис ва алюминийни қайта ишлаш ҳамда толали кабел ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдимот қилинди. Мутасаддиларга лойиҳани амалга ошириш учун зарур кўмакларни кўрсатиш, бино учун аукцион савдоларига чиқарилган, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун мос бўлган бўш биноларни таклиф этиш бўйича кўрсатма берилди.

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.