Олтинсойда топшириқлар ижроси ўрганилди
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов белгилаб берилган топшириқлар ижроси билан танишиш, “Маънавият сектори”, таълим, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш ва йирик лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ишларни кўздан кечириш мақсадида Олтинсой туманида бўлди.
Дастлаб, туманнинг 1-сектори биносида ташкил этилган “Маънавият сектори” фаолияти билан танишилди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари “Ипоқ” маҳалласида “MASHAL VU.S.N” МЧЖ томонидан “Эко бозор” комплекси ва “ALL AYZEN” МЧЖ томонидан автошоҳбекат қурилиши лойиҳаси билан танишди. Бозор қурилишини шаҳарсозлик талаблари асосида, замонавий типда қуриш, сотувчи ва харидорлар учун барча қулайликлар бўлишига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Ўрганишлар ишлари мезонлар асосида инфратузилмани яхшилаш тадбирлари амалга оширилаётган “Тўхтамиш” маҳалласида давом эттирилди. Ҳудуддаги мактаб ҳолати, таълим-тарбия жараёнларининг бориши билан танишган вилоят раҳбари, масъуллар фоалиятини танқид қилди. Мактабда ўқувчилар таълими тўғри йўлга қўйилмаган, шароитларни яхшилаш чоралари кўрилмаган. Масъулларга куни-кеча ўтказилган муҳокама йиғилишида берилган топшириқлар асосида тажрибали ўқитувчилар, директор ўринбосарлари ва директорлардан тузилган мобил гуруҳнинг биринчи семинарини ушбу мактабда ташкил этиб, таълим сифатини ошириш вазифаси юкланди.
Туман мутасаддилари, таълим соҳасига масъулларнинг ушбу мактабдаги ҳолатга панжа ортидан қараб келганлиги эътирозларга сабаб бўлди. Мактабда соғлом муҳитни яратиш, таълим-тарбия ишларини сифатли ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди ҳамда мактаб биносини реконструкция қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, давлат дастурига киритиш чорасини кўриш топширилди.
Шунингдек, маҳалладаги оилавий шифокорлик пункти фаолияти билан ҳам танишилиб, патронаж хизматини ташкил этиш ҳолати кўриб чиқилди. Тиббиёт маскани биносини ҳам таъмирлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
Ташриф якунида вилоят раҳбари “Сўфи Оллоёр” зиратгоҳида бўлиб, берилган топшириқлар ижроси билан танишди. Умуман олганда, маҳаллада ишлар талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги танқид қилиниб, мутасаддиларга қаттиқ огоҳлантириш берилди. Ишларни бугундан жадаллаштириш, ҳар бир тадбирни сифатли амалга ошириб, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz