Ёшлар бандлиги муҳим масала: Денов туманида мингга яқин ёшлар билан учрашув ўтказилди
Юртимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ўз имконият ва салоҳиятини юзага чиқаришига кўмаклашишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан 2024 йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши ҳам бу борадаги ишларнинг узвий давоми бўлмоқда.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги вилоят сектор раҳбарлари ёшларнинг муаммо ва мурожаатларини тинглаш, уларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида Денов туманида 1 минг нафарга яқин ёшлар билан учрашув ўтказди. Тумандаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўтказилган учрашувда бўш иш ўринлари мавжуд корхона, ташкилот ва идоралар масъуллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ҳам иштирок этишди.
– Президентимиз таъкидлаганидек, “Эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшлар билан ишлаш – биз учун ҳаёт-мамот масаласи!”. Шу боисдан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, бандлигини таъминлаш бизнинг олдимизга асосий вазифа қилиб қўйилган. Бугунги учрашувда ҳам биз сектор раҳбарлари ва мутасаддилар сиз азиз ёшларнинг мурожаатларингизни тинглаб, ҳал қилиш учун йиғилганмиз – дея айтиб ўтди вилоят раҳбари учрашув аввалида.
Учрашув давомида ёшларнинг мурожаатлари тингланди. Уларнинг ечими бўйича мутасаддиларга аниқ муддатлар билан вазифалар юкланди. Шунингдек, 400 нафардан ортиқ ишлаш истагида бўлган ёшларга иш берувчилар томонидан иш ўринлари таклиф қилинди. Ушбу иш ўринларида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ҳаётда ўз йўлларини топишида кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Ёшлар билан учрашувлар доимий, навбат билан бошқа ҳудудларда ҳам ўтказиб борилиши қайд этилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz
1 изоҳ