Узун туманида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари билан танишилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳафталик иш режасига мувофиқ инвестициялар, саноат ва савдо соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш мақсадида Узун туманига ташриф буюрди.

Дастлаб, туманнинг “Наврўз” маҳалласида ташкил этилган кичик саноат зонаси фаолияти билан танишилди. Қарийб 5 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда қиймати 15 млрд сўм бўлган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 16 та лойиҳа амалга оширилган ва 70 дан ортиқ иш ўринлари яратилган. Вилоят раҳбари мебель, алюминий ва пластик ромлар, бетон-плиталар ишлаб чиқариш ҳамда ойнага ишлов бериш лойиҳаларини кўздан кечириб, кичик саноат зонасида янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, унинг самарадорлигини ошириш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Кейинги манзилда вилоят раҳбари “Жануб электр тармоғи” МЧЖнинг қуввати 2 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектростанцияси ташкил этиш лойиҳасида амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишди. Қиймати 16,8 млрд сўм бўлган ушбу лойиҳа ишга туширилгач йилига 2 минг кВт/соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарилади ҳамда 15 та доимий иш ўрни яратилади. Вилоят ҳокими лойиҳани кенгайтириш юзасидан тавсиялар берди.

Учинчи манзилда “Узумфермер Узун” МЧЖ томонидан 18 гектар майдонда қиймати 5 млн доллар бўлган иссиқхона, рефконтинер, манзарали боғ, вино маҳсулотлари қадоқлаш, 50 ўринли меҳмонхона ва ресторанни ўз ичига олган лойиҳа тақдимоти билан танишилди. Лойиҳани қайта кўриб чиқиш, ер майдонидан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди ва туман ҳокимига тадбиркор билан ишлаб, яқиндан кўмаклашиш вазифаси топширилди.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари йилига 3 минг дона турли ҳил мебел маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини олиб бораётган “Беҳруз мебел” хусусий корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда тайёр маҳсулотлар билан танишди. Лойиҳани кенгайтириш, иш ўринлари сонини ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Туманга ташриф сўнгида вилоят раҳбари Узун тумани марказида бўлиб, дўкон ва бинолар эгалари бўлган тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Туман марказига мос, шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган лойиҳаларни қуриш масалалари муҳокама қилиниб, бу борада тадбиркорларга яқиндан кўмак кўрсатилиши таъкидланди.

Шунингдек, вилоят раҳбари ҳудудларга ташрифи давомида Сариосиё туманида ҳам бўлиб, “Янги Ўзбекистон” массивида олиб борилаётган қурилиш ҳамда туман марказида канализация қувурларини тортиш ишларининг бориши билан танишди. Иккала лойиҳада ҳам ишларни жадаллаштириш, сифатли қурилиш материалларидан фойдаланиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.